Пискент тумани ҳокими фермерларга босим ўтказгани айтилмоқда. Фермерлар кенгаши прокуратурага мурожаат қилди

Пискент тумани ҳокими фермерларга босим ўтказгани айтилмоқда. Фермерлар кенгаши прокуратурага мурожаат қилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Пискент тумани ҳокими Музаффар Арипов ўтказган йиғилишдан ёзиб олинган аудиоёзув тарқалди. Унда ҳоким фермерларга босим ўтказиб, ҳақоратли сўзлар ишлатгани эшитилади.

Ушбу йиғилиш 18 июль куни ғалладан бўшаган ерларга иккинчи экин (картошка) экиш масаласига бағишланган.

«Эртага ерингизни олиб қўйсам, кейин кўраман. Мен фермерларга тушунмайман-да, битта айтган топшириқни қилиб қўйинг. Охири мажбур қилади мени ерини олишимга. Кейин эшигимнинг тагида ётади итга ўхшаб. Ялинади», — дея ҳокимнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz

Шунингдек, ҳоким фермерларга «ери нарида турсин, жонини суғуриб олишини» айтиб таҳдид қилган. Залда аёллар ҳам бўлгани, фермерларнинг телефонлари йиғилиш олдидан олиб қўйилгани айтилмоқда.

Фермерлардан бирининг таъкидлашича, ҳоким маълум бир фирмадан картошка олмаганларни прокурор орқали қўрқитиб, ерларини олиб қўйишга ҳаракат қилмоқда ҳамда ҳозирда амалга оширилиши керак бўлган буғдой экиш ишларига тўсқинлик қилмоқда.

Музаффар Арипов Пискент тумани ҳокимлигига 2024 йил апрелида тайинланган. Бунгача у Тошкент вилояти ҳокимлиги Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари лавозимида ишлаган.

Туман ҳокимлиги: «Муомала оқланмайди, лекин унга сабаб бўлган масалани инобатга олиш лозим


Пискент тумани ҳокимлиги ҳолат юзасидан изоҳ бериб, унга холис баҳо бериш учун йиғилишдаги мулоқот тафсилотлари билан бир қаторда, муҳокамага сабаб бўлган масала, олдиндан белгиланган вазифалар ва уларнинг аҳоли манфаатлари билан боғлиқ жиҳатларини ҳам инобатга олиш лозимлигини қайд этди.

Ҳокимлик ахборотига кўра, туманда ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун ғалладан бўшаган 1000 гектар майдонга такрорий экин сифатида кечки картошка экиш режалаштирилган. Шу муносабат билан 2 июль куни амалий семинар ўтказилиб, фермерларга зарур картошка навлари тантиштирилган.

Аммо 18 июлга келиб, айрим фермерлар белгиланган режа бўйича картошка экмагани, ер майдонларини бошқа шахсларга сотиб юборгани аниқлангач, танқидий йиғилиш ўтказилган.

«Шуни унутмаслик керакки, ер фермернинг хусусий мулки эмас. Ер — халқнинг бебаҳо бойлиги бўлиб, ундан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартиб асосида амалга оширилади… Чунки экилмай қолган ҳар бир гектар ер — бу шунчаки бажарилмаган режа эмас, балки маҳаллий маҳсулот етиштириш имкониятининг бой берилиши ва аҳоли таъминотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омилдир», — дейилади ҳокимлик муносабатида.

«Албатта, белгиланган вазифаларнинг долзарблиги йиғилиш давомидаги ҳар қандай муомала шаклини ўз-ўзидан оқламайди. Фермерларнинг ҳуқуқлари ҳам, аҳоли манфаатлари ҳам бирдек ҳурмат қилиниши шарт», — дея қайд этди туман ҳокимлиги.

Ҳокимлик йиғилишдаги муомала ва телефонлар олиб қўйилгани ҳақидаги даъволар алоҳида далиллар асосида холис ўрганилиши кераклигини қўшимча қилган.

Фермерлар кенгаши: Прокуратурага мурожаат қилинди


Ўзбекистон фермерлари кенгаши 9 октябрь куни прокуратура органига Пискент тумани ҳокимининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилганин маълум қилди.

Кенгаш ўз муносабатида Конституциянинг 26-моддасига мувофиқ инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз эканини ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра ҳақорат қилиш жаримага сабаб бўлишини эслатиб ўтган.

Ташкилот бу каби ҳолатлар тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув сифатида баҳоланиши ва мамлакатнинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.

Бизнес омбудсман: Ҳолат назоратга олинди


Бизнес омбудсман идораси мазкур ҳолат назоратга олингани ва унга ҳуқуқий баҳо берилишини билдирди.

Муассаса шаъни ва қадр-қиммати камситилган, ҳақорат қилинган ёки ҳуқуқлари бузилган тадбиркор ва фермерларни 1100 ишонч телефони ёки info@biznesombudsman.uz орқали мурожаат қилишга чақирди.

Ўхшаш бошқа кейслар


Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқуловнинг ҳам ғалла планини бажармаган фермерларни ҳақоратлаб, таҳдид қилгани акс этган ауди тарқалганди. «Ёпмасанг, тиқиб юбораман… Эй, қўзичоқ, ёп, тушундингми?», — дейилади унда.

Кейинчалик Антикоррупция агентлиги тақдимномасидан сўнг вилоят ҳокимлиги томонидан одоб-ахлоқ қоидаларини бузган туман раҳбарига ҳайфсан берилган.

Фарғонада эса Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаровнинг фермерлар билан ўтказилган йиғилишда ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлар қилгани ва уларни ҳақоратлаб, ерини топширишни талаб этгани акс этган аудио тарқалганди. Антикоррупция агентлиги тақдимномасидан сўнг унга ҳам ҳайфсан берилган.

Бундан ташқари, тармоқларда Нурафшон шаҳри ёшлар ишлари бўлими раҳбари Миркарим Аҳмаджоновнинг маҳалла етакчиларини ҳақоратлагани акс этган аудио тарқалган. Хизмат текширувидан сўнг айбини тан олган мулозим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Gazeta аввалроқ инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳамда сиёсатшунос Фарҳод Толипов билан мансабдорларнинг фуқаролар билан қўпол муносабатда бўлиши инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қандай баҳоланиши, улар одамлар билан коммуникацияни қандай йўлга қўйиши кераклиги каби саволларга жавоб излашга уринганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.