Президент вазирликлар ва давлат ташкилотларини Янги Тошкентга кўчиришни бошлашни топширди

Президент вазирликлар ва давлат ташкилотларини Янги Тошкентга кўчиришни бошлашни топширди

Шавкат Мирзиёев бош вазирга Қурилиш, Транспорт ва Энергетика вазирликлари ортидан қолган вазирликлар ҳамда давлат ташкилотларини ҳам Янги Тошкентга кўчиришни бошлашни топширди. Президент бу топшириқни 12 октябрь куни инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда берди.

Давлат раҳбари шаҳарнинг ишбилармонлик ҳаётини шакллантиришда давлат идораларининг кўчиши ҳам муҳим эканини таъкидлади. Ҳозир Қурилиш, Транспорт ва Энергетика вазирликлари енгил конструкцияли биноларда ишлаётгани маълум қилинди. Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг 2,6 минг нафар ходими учун 9 та бино қуриляпти.

Бош вазирга қолган вазирликлар ва давлат ташкилотларининг ҳам Янги Тошкентга кўчишини бошлаш топширилди. Зарур ҳолларда уларнинг пойтахтдаги мавжуд биноларини бузиб қайта қуриш ҳуқуқисиз, жорий таъмирлаб фойдаланиш шарти билан сотиш масаласи кўриб чиқилади.

Йил охиригача Янги Тошкентда 20 минг хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу камида 70 минг киши учун янги яшаш муҳитини яратиш дегани. Президент аҳолига дам олиш, спорт, савдо, таълим ва тиббиёт хизматлари уйлар билан бир вақтда зарур бўлишини таъкидлади.

Янги шаҳарда ФИФА талабларига жавоб берадиган 55 минг ўринли стадион қурилмоқда. У келаси йил 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг асосий ареналаридан бири бўлади. Ташриф буюрувчилар учун меҳмонхона, кафе, ресторан ва кўнгилочар масканларга эҳтиёжни аниқ ҳисоблаб, тадбиркорларга очиқ тақдим этиш вазифаси қўйилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.