Ноқонуний «Умра» сафарларини ташкил этиш ҳолатларига чек қўйилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон қарорига мувофиқ, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти махсус лицензия асосида амалга оширилади. Мазкур тартиб зорчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга сифатли хизмат кўрсатилишини кафолатлашга қаратилган.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» профилактик тадбирлари доирасида ноқонуний равишда «Умра» тадбирларини ташкил этишга уринган бир қатор шахслар қўлга олинди:
- Самарқанд шаҳрида: Ички туризм фирмаси ходими тегишли лицензиясиз 3 нафар фуқарони ноқонуний «Умра» сафарига юбориш эвазига 3600 АҚШ доллари олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ва ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
- Гулистон шаҳрида: 1974 йилда туғилган шахс Тошкентдаги турмафирма орқали 3 нафар фуқарони ноқонуний равишда Саудия Арабистонига юбориш эвазига 3300 АҚШ доллари ва 1,2 миллион сўм олган вақтида ДХХ ҳамда Департамент ходимлари томонидан қўлга олинди.
Ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.