Автомобиллар учун экостикерлар жорий этилиши кечиктирилди
Ҳукуматнинг жорий йил 4 сентябрдаги 562-сон қарори билан автомобиллардан атмосферага чиқаётган ифлослантирувчи моддалар ташламаларини қисқартириш бўйича «Экологик транспорт» тизимини жорий этиш муддати 2026 йил 1 январга қадар кечиктирилди.
Ҳужжатга мувофиқ, «Экологик транспорт» тизими:
- биринчи босқичда (2025-2027 йилларда) – Тошкент шаҳрида;
- иккинчи босқичда (2028-2030 йилларда) – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда, заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари ва бошқалар);
- учинчи босқичда (2031-2034 йилларда) – бошқа барча ҳудудларда ишга туширилиши режалаштирилган.
Қарорда белгиланишича, автотранспортнинг экологик меъёрларга мувофиқлигини баҳолаш учун ишлаб чиқарувчининг экологик синф («Евро») ҳақидаги маълумотлари қўлланилади.
Экологик синфга мансублигини аниқлаш имкони бўлмаган транспорт воситаларининг нормативларга мослиги Ички ишлар вазирлигининг «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан диагностика текширувидан ўтказилади ва аниқланади.
Ташланмаларнинг зарарлик даражасига қараб автомобилга яшил, сариқ ёки қизил стикер берилади.
Эслатиб ўтамиз, экостикерларни жорий этиш Ҳукуматнинг 2024 йил 29 мартдаги 166-сон қарори билан 2025 йил 1 март этиб белгиланган эди.