Тиббиёт инфратузилмаси ягона мастер режа асосида ривожлантирилади

Тиббиёт инфратузилмаси ягона мастер режа асосида ривожлантирилади

Ўзбекистонда тиббиёт инфратузилмасини ягона мастер режа асосида ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимида эса хусусий сектор иштирокини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда душанба куни Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.

Тарқоқ хизматларни бирлаштириш


Тақдимотда тиббиёт муассасаларини жойлаштириш, қуриш ва жиҳозлаш аҳолининг эҳтиёжига таянган ҳолда режалаштирилиши зарурлиги таъкидланди. Ҳозир айрим ҳудудларда хизматлар тарқоқ ташкил этилган, шифо ўринлари нотўғри тақсимланган, эски бинолар ва ускуналардан фойдаланиш эса тиббий ёрдам сифатига таъсир қилмоқда.

Ишларни мавжуд объектлар бўйича ишончли маълумотларни шакллантиришдан бошлаш кўзда тутилган. 10 та вилоятда ўтказилган хатлов соҳага тегишли 3499 та объектни аниқлади — бу Кадастр агентлиги маълумотларидагидан 494 тага кўпдир. Хатлов якунларига кўра соғлиқни сақлаш тизими кўчмас мулкларининг ягона рақамли реестри яратилади.

Тиббий ёрдам кўрсатиш ҳудудларини қайта ташкил этиш


Мазкур маълумотлар асосида 2026−2036 йилларга мўлжалланган тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш мастер режаларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ҳар бир ҳудуд бўйича аҳоли сони ва унинг ўсиши, тиббий хизматларга бўлган эҳтиёж, муассасалар қуввати, шунингдек, беморларнинг уларга етиб бориши учун талаб этиладиган вақт ҳисобга олинади.

«Мастер режа қайси объектни сақлаб қолиш, бирлаштириш ёки реконструкция қилиш, янгисини қаерда қуриш, уни қандай жиҳозлаш ва қанча мутахассис зарурлигини белгилайди. Инвестиция дастурларини ҳам шу режалар асосида шакллантириш назарда тутилмоқда», — дея хабар берди президент матбуот хизмати.

Тизимда муассасалар кўрсатадиган ёрдам даражасига қараб ўзаро боғланади. Мураккаб ва юқори технологик хизматлар таянч марказларда жамланади, туманларда эса базавий ва шошилинч тиббий ёрдам сақланади. Бирламчи бўғинни режалаштиришда қишлоқ ва олис аҳоли пунктлари ҳамда шаҳарлар учун алоҳида хизмат кўрсатиш меъёрлари қўлланади.

Тиббиёт муассасаларини лойиҳалаштиришга доир ягона талаблар


Бундай ёндашув зарурати Самарқанд вилояти мисолида кўрсатиб берилди. Вилоят аҳолисининг 80 фоизи туманларда яшайди, бироқ туманлар ҳиссасига шифо ўринларининг 41,7 фоизи тўғри келади. Мастер режада тиббий ҳудудларни қайта ташкил этиш орқали туманлар улушини 67 фоизга етказиш, хизматларни аҳолига яқинлаштириш кўзда тутилган.

Самарқанд шаҳри, Ургут, Пастдарғом, Каттақўрғон, Иштихон ва Пайариқда янги шифохоналар қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш режалари ҳақида ахборот берилди. Вилоят марказидаги ихтисослашган муассасаларни кўп тармоқли шифохоналар негизида қайта ташкил этиш, марказий лабораториялар, стерилизация ва ташхислаш хизматларини ривожлантириш таклиф қилинди. Ургут, Каттақўрғон ва Пастдарғомда 2030 йилгача жами 1500 та янги шифо ўрни яратиш назарда тутилмоқда.

Янги объектлар фақат бино қуриш билан чекланмаслиги таъкидланди. Поликлиника ва шифохоналарни лойиҳалашда беморлар ҳаракатини қулай ташкил этиш, инфекцион назорат, инклюзив муҳит ва хоналарни жиҳозлаш бўйича ягона талабларни жорий этиш таклиф қилинди. Даволашда эса халқаро тавсияларга асосланган клиник протоколларни миллий шароитга мослаштириш, амалиётга татбиқ этиш ва натижаларини мунтазам баҳолаш кўзда тутилмоқда.

Даволаш амалиётида эса халқаро тавсияларга асосланган клиник баённомаларни миллий шароитларга мослаштириш, уларни амалиётга татбиқ этиш ва натижаларини мунтазам баҳолаб бориш мўлжалланмоқда.

Соғлиқни сақлашда хусусий секторни ривожлантириш


Тақдимотда, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш режалари ҳам кўриб чиқилди. Тиббий ва ёрдамчи хизматларни, жумладан, гемодиализ, лаборатория диагностикаси, диагностика хизматлари ҳамда ускуналарга техник хизмат кўрсатишни аутсорсинг шартлари асосида сотиб олиш таклиф этилмоқда.

Бир йиллик шартномалар ўрнига беш йилгача бўлган ҳамкорлик механизмларини қўллаш хусусий ҳамкорларга ускуна ва хизматларга узоқ муддатли асосда сармоя киритиш имконини беради.

Таклифларга кўра, давлат тиббиёт муассасалари хизматларни сотиб олади, хусусий ташкилотлар эса ўз ҳисобидан зарур ускуналарни харид қилиб, уларнинг ишлаши ва янгиланиб боришини таъминлайди.

Ягона тендер ҳужжатлари ва электрон харидлар тизимини жорий этиш, шунингдек, айрим муассасаларни профессионал компаниялар бошқарувига бериш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.