Икки замонавий иссиқхона Фарғона давлат университетига топширилди: ақлли деҳқончилик бўйича илмий-тадқиқот ва таълим салоҳиятини ошириш сари
Фарғона, 2025-йил 17-сентабр – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Корея Республикаси Ҳукуматининг кўмагида амалга оширилаётган “Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси доирасида Фарғона давлат университетига икки замонавий иссиқхона тантанали равишда топширилди.
100 м² майдонга эга замонавий кўчат етиштириш учун мўлжалланган иссиқхона ва 284 м² майдонга эга намойиш иссиқхонаси – суғориш, совитиш ва иситиш тизимлари, ҳашаротларга қарши тўрлар, замонавий соя ва иссиқлик пардалари билан жиҳозланган. Улар талабаларга, тадқиқотчиларга ва маҳаллий томорқа эгаларига барқарор сабзавотчилик амалиётларини ўргатиш ва намойиш қилиш учун амалий майдон вазифасини бажаради.
Тадбирда ФАОнинг Римдаги бош қароргоҳи вакиллари, Фарғона вилояти ҳокимияти, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Фарғона вилоят бошқармаси вакиллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан келган лойиҳа бенефисиарлари иштирок этдилар. Дастур доирасида очилиш нутқлари, иссиқхоналарнинг рамзий очилиш маросими, янги иссиқхоналарни кўздан кечириш бўйича экскурсия ҳамда талабаларга ФАОнинг иссиқхоналарда барқарор сабзавот етиштириш бўйича техник қўлланмалари тақдим этилди.
“Бу иссиқхоналар ҳақиқий лабораторияга айланди – тадқиқотчиларимиз ва талабаларимиз учун тажрибалар ўтказиш, инновацияларни жорий этиш ва Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини оширишнинг асосига айланди,” деди Фарғона давлат университети Мевачилик ва узумчилик кафедраси мудири Қаҳрамон Давронов. “Шуни унутмаслик керакки, жаҳон мева-сабзавотчилиги соҳасидаги кўплаб йирик илмий кашфиётлар айнан иссиқхона шароитида амалга оширилган.

Ушбу иссиқхоналар ёрдамида бизнинг университетимиз ҳам кенг имкониятларга эга бўлди.” Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан ташриф буюрган кичик деҳқонлар ҳам тадбирда қатнашди. Бу эса лойиҳанинг нафақат илм-фан учун, балки қишлоқ хўжалиги ҳамжамиятлари учун ҳам аҳамиятини кўрсатди. Намойиш иссиқхоналари илмий тадқиқотлар учун майдон бўлиши билан бирга, ишлаб чиқилган ва синовдан ўтказилган инновацияларни кичик деҳқонларга етказишда ҳам муҳим марказга айланади. Бу ҳамкорлик амалий деҳқончиликни кучайтиради, ҳосилдорликни оширади ва озиқ-овқат хавфсизлигини та’минлашга хизмат қилади.
“Бугун биз бу ерда уч авлоднинг бирлашганига гувоҳ бўляпмиз – бутун умри давомида сабзавот етиштирган кичик деҳқонлар, мева-сабзавотчилик бўйича илмий тадқиқот олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ва келажакдаги фермерлар, тадқиқотчилар ҳамда амалиётчилар бўлмиш ёш талабалар,” деди ФАОнинг дастур координатори Гвидо Сантини. “Намойиш иссиқхоналари ушбу уч авлодни бирлаштириб, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва ёрқин келажаги сари хизмат қилмоқда.”
Ушбу иссиқхоналарнинг барпо этилиши Ўзбекистонда иссиқхона шароитида сабзавотчиликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. Шу билан бирга, ушбу иссиқхоналар илмий-тадқиқот, инновация ва таълимнинг замонавий пойдеворини яратди. Замонавий технологиялар ва илмий салоҳиятни уйғунлаштирган ушбу лойиҳа янги авлод талабаларини барқарор ва иқлимга мос озиқ-овқат тизимини ривожлантиришга тайёрламоқда. Уларнинг иштиёқи ва интилиши шуни кўрсатадики, Ўзбекистоннинг ёш мутахассислари ақлли деҳқончилик ва озиқ-овқат хавфсизлигида етакчилик қилишга интилмоқда.