Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ҳақиқатан ҳам Тошкент ИЭСда тасвирга олинган, бироқ бу кадрлар деярли 2 йил олдин, яни 2024-йил феврал ойида қайд этилган. Ўша даврда станцияда асосий ёқилғи сифатида табиий газ, қисқа муддатлик захира сифатида эса мазутдан фойдаланилган.
Энергетика вазирлиги аввал хабар қилганидек, Тошкент ИЭСда ўрнатилган “Енгли фильтр” ускунаси чиқиндиларни 99,5 фоиз самара билан тозалайди. Бу технология орқали ҳавога ташланадиган қаттиқ заррачалар концентрацияси меъёрдаги 100 мг/м³дан атиги 6 мг/м³гача камайтирилади. Шунингдек, станцияда юқори аниқликда ишлов берувчи автоматик мониторинг тизими жорий этилган. У реал вақт режимида маълумотларни Экология ва иқлим ўзгариши Миллий қўмитасининг Ситуацион марказига узатади. Станция санитария-ҳимоя ҳудудида замонавий экопост ҳам фаолият юритиб, атроф муҳит ҳолати доимий назорат қилиб борилади деб хабар берилди.
Мутасаддилар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини тасдиқланмаган, эски ёки нотўғри маълумотларни тарқатмасликка чақирди. Бундай ҳолатлар учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик белгилангани ҳам эслатиб ўтилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.