Тиббий хизматларда “Сирли мижоз” орқали шаффофлик мониторинги кучайтирилади

Тиббий хизматларда “Сирли мижоз” орқали шаффофлик мониторинги кучайтирилади

Соғлиқни сақлаш тизимида шаффофликни таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва энг муҳими, коррупциянинг барча кўринишларига барҳам бериш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, коррупция тараққиётга жиддий тўсиқ бўлиб, жамиятни ортга тортади. Шу боис, охирги йилларда мамлакатимизда бу иллатга қарши муросасиз кураш олиб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди деб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида амалга оширилаётган “ҳуқуқий эксперимент” доирасидаги ишлар бу борадаги ишлар самарадорлигини яққол намоён этмоқда. Жорий йил 4-ноябрда Соғлиқни сақлаш вазирининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида ‘сирли мижоз’ институтини жорий этиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Мазкур буйруқ асосида мониторингнинг мақсадлари, мезонлари, объектлари ва параметрларини қамраб олган Низом тасдиқланди.

“Сирли мижоз” нима учун зарур?

Бу усул орқали тиббий муассасаларда маъмурий тартиб-қоидаларга амал қилиниши, тиббий хизматларни кўрсатишда қонунчилик талабларига риоя этилиши, ходимларнинг касбий маҳорати, тезкорлиги ҳамда беморлар билан муомала маданияти атрофлича баҳоланади.

Мониторинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратининг тегишли бўлинмалари томонидан ташкил этилади. Шу билан бирга, жараёнда ҳуқуқбузарликка ёки ваколатни суиистеъмол қилишга чорловчи усуллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

Текшириш қандай ўтказилади?

Маълумотларни йиғиш ҳақиқий мижоз сифатида ҳаракат қилувчи “сирли мижоз” орқали амалга оширилади. Унинг мониторинги муассасага бевосита ташриф буюриш билан чекланиб қолмайди ва телефон қўнғироғи, электрон мурожаат ва бошқа усуллардан ҳам фойдаланилади.

Тўпланган маълумотлар расмий ҳужжат сифатида расмийлаштирилади. Аниқланган қонунбузилишлар тўғрисидаги материаллар беш иш куни ичида Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Агар ҳуқуқбузарлик фактлари тасдиқланса, айбдор ходимга нисбатан жавобгарлик чоралари белгиланади. Жиноят аломатлари бўлса, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Коррупцияга қарши харакат

Вазирлик тиббиёт муассасаларида коррупция ҳолатларига дуч келган фуқароларни «1203» рақамли ишонч телефони ёки @ssvantikor_bot телеграм боти орқали мурожаат қилишга чорлайди. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши тўлиқ кафолатланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар қандай коррупциявий ҳолатга нисбатан кескин ва муросасиз муносабатда бўлишини, фуқароларнинг ҳар бир мурожаати батафсил ўрганилишини алоҳида таъкидлайди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.