Семарқандда бўлиб ўтаётган Йоввойи флора ва фауна турлари халқаро савдоси тўғрисидаги конвенциянинг 20-сессияси (CITES CoP20) доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси хамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва БAAнинг иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазири, Вазирлар Маҳкамаси аъзоси Амна бинт Абдулло Ал-Даҳак Ал-Шамсий билан учрашув ўтказилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ахборотига кўра — музокараларда табиатни муҳофаза қилиш, экотизимларни барқарор бошқариш ва камёб турларни асраб-авайлаш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Амна Ал-Даҳак Ўзбекистонда Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти билан ҳамкорликда очилган минтақавий марказ муносабати билан самимий табрик билдирди. Мазкур лойиҳани Марказий Осиёда экологик мониторингни ривожлантиришга қўшилган муҳим илмий-амалий ҳисса сифатида эътироф этди.
Суҳбат давомида йиртқич құшларни муҳофаза қилиш ва уларни рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Амна Ал-Даҳак БАА томонидан илгари сурилаётган лочинларни рўйхатга олиш ва рақамли идентификация қилиш ташаббусларини қўллаб-қувватлашга чақирди. Унинг айтишича, рақамли паспортлар тизимини жорий этиш камёб турларни кўчириш устидан назоратни кучайтиради ҳамда CITES доирасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиради.
Азиз Абдуҳакимов ўз навбатида, минтақада кучайиб бораётган экологик чақириқлар шароитида БАА билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Томонлар амалий ҳамкорликни давом эттириш, тегишли вазирлик ва илмий ташкилотлар даражасида янги қўшма ташаббусларни кўриб чиқишга келишиб олдилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.