Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни Янги йил билан табриклади ва Ўзбекистонга таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни Янги йил билан табриклади ва Ўзбекистонга таклиф қилди

23 декабрь куни Ўзбекистон ва АҚШ президентлари Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трампнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари суҳбат аввалида ҳамкасбини яқинлашиб келаётган янги йил байрами билан табриклаб, «дўст Америка халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади».

Дональд Трамп, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси ва халқига ўзининг ҳамда АҚШ халқининг саломи ҳамда табрикларини йўллаб, янги йилда бахт-саодат, муваффақиятлар ва янги зафарлар тилади.

Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини, шунингдек, Ўзбекистон — АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларини батафсил кўриб чиқди.

Шавкат Мирзиёев президент Дональд Трампнинг жорий йилда ички ва ташқи сиёсатда эришган муваффақиятларига юқори баҳо бериб, унинг «ўткир халқаро инқирозлар ва можароларни ҳал этиш борасидаги самарали саъй-ҳаракатларини» алоҳида таъкидлади.

«Икки томонлама сиёсий мулоқот ва алмашинувлар, айниқса, етакчилар даражасида фаоллашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бергани ва уни аниқ мазмун билан бойитгани мамнуният билан қайд этилди», — дейилади хабарда.

Фуқаро авиацияси, автосаноат, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, энергетика ва кимё, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда ўнлаб миллиард долларлик қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Амалдаги лойиҳа ва дастурларни самарали илгари суриш ҳамда янгиларини ишлаб чиқиш мақсадида Америка — Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ташкил этилди. Қўшма Инвестиция фондини таъсис этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги механизми ишга туширилди. Ўзбекистоннинг учта вилояти делегациялари Америка штатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ушбу мамлакатда бўлди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода кўп томонлама ҳамкорлик, жумладан, «С5+1» форматининг аҳамияти таъкидланди.

Суҳбат якунида томонлар олий даражадаги фаол мулоқотларни давом эттириш ниятини тасдиқлади ҳамда амалий ҳамкорлик бўйича қўшма ташаббус ва дастурларни илгари суришга келишиб олди.

Ўзбекистон президенти Америка етакчисини ўзи учун қулай муддатда мамлакатга ташриф билан келишга таклиф этди.

АҚШ президенти ўзининг Truth ижтимоий тармоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан «бугун эрталаб иккита ажойиб суҳбат» ўтказганини ёзди.

«Биз давом этаётган можароларда тинчликка эришиш, шунингдек, давлатларимиз ўртасидаги савдо ва ҳамкорликни ошириш муҳимлигини муҳокама қилдик», — деб таъкидлади Дональд Трамп. У Марказий Осиёнинг иккала мамлакати билан муносабатларни «аъло» деб атади.

Ниҳоят, у президентларни келаси йили Маямида бўлиб ўтадиган Йигирмалик гуруҳи (G20) саммитида меҳмон сифатида иштирок этишга таклиф қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.