Президент: Йил мураккаб кечди. Қанчалик қийин бўлмасин, ислоҳотлар давом этмоқда

Президент: Йил мураккаб кечди. Қанчалик қийин бўлмасин, ислоҳотлар давом этмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь, жума куни Ўзбекистон парламенти ва халқига мурожаат қилди.

Тадбир Тошкентдаги Конгресс марказида бўлиб ўтди. Унда ҳукумат ва парламент вакиллари, ҳокимлар, мактаб ўқувчилари, спортчилар, тадбиркорлар, маданият намояндалари, хорижий меҳмонлар қатнашди.

«Сўнгги 9 йилда сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик», — деди президент сўзининг аввалида.

«Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини мустаҳкамладик. Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда».

Шавкат Мирзиёев йил жуда мураккаб келганини таъкидлади. У дунёда яқин-яқингача ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган ўзгаришлар рўй бераётганини айтди. Мамлакатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик кузатилмоқда, хавфсизликка таҳдидлар кучаймоқда, деди Шавкат Мирзиёев.

«Қанчалик оғир бўлмасин, бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилди», — деди у.

Давлат раҳбари халқнинг тинимсиз меҳнати, дўстона ташқи сиёсат, демократик янгиланишларнинг асоси бўлган, бутун дунёда ҳайрат уйғотаётган маҳаллалар фаолиятини эътироф этди.

Глобал ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирларидаги узилишлар, хомашё ва молиявий ресурслар нархининг ошишига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этмоқда, деди президент.

«Тўққиз йил олдин 100 млрд долларлик рақам биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз илк бор 145 миллиард доллардан ошди», — деди давлат раҳбари.

Аудитория вақти-вақти билан ўрнидан туриб, президентнинг сўзларини олқишлаб турди.

Глобал савдо тизимида «ўйин қоидалари» ўзгарган бир шароитда Ўзбекистон экспорти якунланаётган йилда 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етди. Олтин-валюта захиралари илк бор 60 млрд доллардан ошди.

Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди.

Ялпи ички маҳсулотда умумий инвестициялар улуши ҳозирда 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Бу келгуси йилларда ҳам иқтисодиётнинг барқарор ўсишига замин яратади, деди Шавкат Мирзиёев.

2025 йил аҳоли фаровонлиги ва бизнес ривожига хизмат қиладиган инфратузилмани такомиллаштириш бўйича катта ўзгаришлар йили бўлди, деди давлат раҳбари.

«Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 85 миллиард киловатт соатгача ошди. 2016 йилда бу кўрсаткич 60 млрд ни ташкил этган — «агар бу даража сақлаб қолинганида, биз 38 миллион аҳолини энергия билан таъминлай олмасдик ва иқтисодиётни икки баравар ошира олмасдик», — деди у.

Ҳудудларда ичимлик суви таъминоти яхшиланди — бу йил 188 та тумандаги 715 мингта хонадонга илк бор ичимлик суви кириб борди, 2,3 миллионга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. 867 та «оғир» ҳудуддаги 470 минг хонадонга илк бор томорқани суғориш учун сув кириб борди.

2025 йилда 8,1 миллион квадрат метр уй-жой қурилди, аҳолининг ўзи ҳам 19 миллион квадрат метр уй-жой қурди. Бизнес томонидан 24 миллион квадрат метр нотурар жой объектлари қурилди.

Тўққиз йил ичида 210 миллион квадрат метр турар ва нотурар объектлар фойдаланишга топширилди, деди президент.

Унинг қўшимча қилишича, жорий йилда 5 миллион киши иш билан таъминланган, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизгача камайган. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқарилди, илк бор 1 минг 435 та маҳалла «камбағалликдан чиқарилди».

Мамлакатда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизгача тушди. Натижада уч йил олдин белгиланган 2026 йилгача камбағалликни 2 бараварга қисқартириш мақсадига эришилди. «Бир эсланг, бу ишларни бошлаганимизда аҳолимизнинг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшар эди», — дея эслатди мамлакат раҳбари.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.