Сайёҳлар оқимининг ортиб бораётгани авиация ва темирйўлларда йўловчи ташиш қувватларини икки баробар оширишни тақозо этмоқда, деди президент.
Маҳаллий авиақатновларни ошириш учун субсидиялашнинг янги тизими жорий этилади. Энди нархидан қатъи назар, сотилган ҳар бир чипта учун аниқ миқдорда субсидия ажратилади. Бу чипта нархини пасайтириш ва талабни оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, янги самолётлар учун учувчилар, уларга техник хизмат кўрсатувчилар, аэропортлар учун сервис ва бошқарув соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Фуқаро авиацияси университети ташкил этилади, деди президент.
Келгуси йилда Бўка, Пискент, Бекобод, Боёвут туманлари ҳамда Нурафшон шаҳрини пойтахт билан боғлайдиган 110 километрли темирйўл тармоғи қурилади.
Тошкент — Самарқанд йўналишида тезюрар йўловчи поездлари учун янги темирйўл линияси қурилиши бошланади.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Навоий вокзаллари давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга берилади.
Йўллар сифатини яхшилаш ва уларнинг транзит салоҳиятини ошириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилиши маълум қилинди.
Андижон — Қўнғирот, Тошкент — Термиз, Самарқанд — Шаҳрисабз ва Олот — Сариосиё йўналишларини боғловчи 4 минг километрли автомобиль йўллари халқаро стандартларга мос автойўлларга айлантирилади, деди Шавкат Мирзиёев.
2026 йилда Қорақалпоғистонда, шунингдек, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 300 км умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ишлари якунланади.
Тошкент-Самарқанд, Тошкент-Андижон, Тошкент-Бўстонлиқ, Пунган-Наманган ва Қарши-Шаҳрисабз йўналишларида 800 км тезюрар автомобиль йўллари қурилиши бошланади.
Бундан ташқари, йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикрини инобатга олиш, транспортнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш, пиёдалар учун тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича талаблар қонун даражасида белгиланади, деди президент.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.