Қашқадарёда 300 МВтли қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизими Masdar компанияси томонилан барпо этилади

Қашқадарёда 300 МВтли қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизими Masdar компанияси томонилан барпо этилади

Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган “Abu Dhabi Sustainability Week 2026” халқаро ҳафталиги доирасида барқарор ривожланиш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ҳамда бошқа идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Мазкур тадбир доирасида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ва 75 МВт·соатли энергия сақлаш тизими (BESS)ни ўз ичига олган лойиҳани молиялаштириш бўйича келишув имзоланди. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида БААнинг “Masdar” компанияси иштирокида амалга оширилади. Бу хақида Энергетика вазирлиги хабар берди.

Қурилишни молиялаштириш халқаро молия институтлари иштирокида таъминланади. Жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки маблағлари жалб этилади. Шунингдек, молиялаштириш пакетида Канада ва Финляндия ҳукуматлари маблағлари, Япония билан ҳамкорлик жамғармаси доирасидаги ресурслар ҳамда банк инструментлари назарда тутилган.

Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг атмосферага йилига тахминан 280 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади. Шу билан бирга, 231 миллион куб метр табиий газ тежалиши ҳамда қарийб 280 мингта хонадони электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади.

Ғузордаги ушбу лойиҳа “Masdar” компаниясининг Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли дастурлари доирасига киради. Айни йўналишда компания иштирокидаги лойиҳаларнинг умумий қуввати тахминан 2 ГВтни ташкил этади. Қайта тикланувчи энергетика соҳасига жалб этилган инвестициялар ҳажми эса 2 миллиард АҚШ долларидан ошган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.