Тадбирда Ўзбекистоннинг стартап ва венчур экотизимининг умумий қиймати 2024−2025 йилларда 3,9 млрд долларга етиши эълон қилинди. Маҳаллий стартаплар сони 750 тадан ошди, уларни 15 та венчур фонди қўллаб-қувватламоқда, венчур капитали эса 180 млн доллардан ошди.
2030 йилга келиб, венчур инвестициялар ҳажмини 2 млрд долларга етказиш режалаштирилган.
Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг тўрт босқичли тизими жорий этилмоқда. Ғоя, ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва масштаблаштириш босқичларида грантлар, солиқ имтиёзлари, қўшма молиялаштириш, экспорт харажатларини қоплаш учун молиявий ресурслар йўналтирилади.
«Биз ўз олдимизга қиймати 1 млн доллардан ортиқ бўлган камида 500 та стартап лойиҳасига, қиймати 10 млн доллардан ортиқ камида 100 та, қиймати 100 млн доллардан ортиқ камида 25 та стартапга эришиш мақсадини қўйдик. Президент фақат қарорлар қабул қилиш билан чекланмасдан, ушбу ташаббусларни кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришни таъминлаш вазифасини қўйди», — деди рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов «Ўзбекистон 24» каналига интервьюсида.
«Бунга қадар сунъий интеллект нима экани, у қандай ишлаши ва қайси соҳаларда қўлланиши мумкинлиги ҳақида аниқ асосий тушунчалар йўқ эди, тегишли ҳуқуқий асос ҳам мавжуд эмас эди», — деди рақамли технологиялар вазири.
MyGov.uz порталига камида 100 та хизмат қўшилиши режалаштирилган.
Президент 50 тадан ортиқ хизматларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, Аҳолининг ягона реестрини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик субъектини очиш, якка тартибдаги тадбиркорлик ходимларини ҳисобга қўйиш, банк пластик картасини очиш, сим-карта олиш, суғурта ва реклама хизматларини рақамлаштиришни буюрди.
Давлат раҳбари, шунингдек, вилоятларда 5G технологияси, юқори тезликдаги интернет ва сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланишни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.