Бу йил қабул қилинадиган қарорларда маҳаллада нима ўзгариши назарда тутилади — президент

Бу йил қабул қилинадиган қарорларда маҳаллада нима ўзгариши назарда тутилади — президент

Шавкат Мирзиёев 2026 йилда ҳар бир вазирлик ва ҳокимликнинг фаолияти маҳалла билан боғланиши ва қабул қилинадиган қарорларда маҳаллада нима ўзгариши назарда тутилишини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида қайд этди.

Президент мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича ҳокимлар ва «маҳалла еттилиги»га методик билим ва тажриба етишмаётгани, масъул вазирлик ва идоралар эса уларга кўмаклашмаётганини кўрсатиб ўтди.

Арнасойда чорвачилик, Шўрчида банан етиштириш, Қувада анорчилик, Бўстонлиқда асаларичилик бўйича аҳоли ва тадбиркорлар яратган тажрибалар шундай ихтисослашувга эга бошқа туманлар учун яхши намуна бўла олиши, лекин бундан унумли фойдаланилмаётгани қайд этилди.

«Бундай тажрибалар ҳамма жойда бор. Лекин уларни ўргатиб, қамровини кенгайтирадиган тизим йўқ!» — деди давлат раҳбари.

Мутасаддиларга бир ойда ишсизлик ва камбағаллик юқори маҳаллалардаги имкониятларни ўрганиб, уларга энг яхши тажрибаларни олиб кириш бўйича «методик қўлланма» қилиб бериш топширилди. Ҳокимлар эса жойларда бунинг ижросини ташкил этиб, одамларни ишли қилиш, даромадини кўпайтириш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишга масъул ва жавобгар бўлади.

«Умуман, бу йил ҳар бир вазирлик ва ҳокимликнинг фаолияти маҳалла билан боғланади, қабул қилинадиган қарорларда ҳам маҳаллада нима ўзгариши назарда тутилади», — деди президент.

1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингга етказиш, ишсизлик ва камбағалликни 4,5 фоизга тушириш жорий йил учун вазифа этиб белгиланди.

Туманларда ўтказилган ўрганишлар инфратузилма, турмуш даражаси, бизнес фаоллик, молиявий имкониятлар каби 20 та мезон асосида 37 та «оғир» туманни аниқлади. Бундан ташқари, ҳар бир туман таҳлил қилиниб, камбағаллик даражаси юқори бўлган 903 та «оғир» маҳалла танлаб олинди.

Маълум қилинишича, камбағал оилаларнинг учдан бир қисми, ишсизларнинг 21 фоизи ҳам танлаб олинган 37 та туман ва 903 та маҳаллага тўғри келиши аниқланди. Яна 33 та туман ва 330 та «оғир» маҳаллага янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш ишлари бошланди.

«Асосий кучни ушбу 70 та туман ва 1 мингта „оғир“ маҳаллага йўналтирсак, республикада камбағаллик даражасини 3 фоиздан пасайтиришга эришамиз», — деди давлат раҳбари.

«Оғир» туман ва маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорлар солиқ имтиёзидан кўра, кўпроқ йўл, сув, электр таъминотини яхшилаб беришни сўраяпгани қайд этилди. Шу муносабат билан 2026 йилда инфратузилмани яхшилаш учун вилоятларга 20 триллион сўм ажратилиши, шундан 12 триллион сўм «оғир» туман ва маҳаллаларга йўналтирилиши белгиланди.

Республикадан маҳаллий бюджетга қайтадиган маблағ 2 карра кўпайтирилиб, ҳокимларга 4 триллион 200 миллиард сўм берилади. Эндиликда вилоят ҳокимлари «оғир» туманга 10 миллиард сўмдан, 903 та маҳалланинг ҳар бирига 1 миллиард сўмдан ажратади.

Бунга қўшимча ҳар бир «оғир» туманга 50 миллиард сўм, «оғир» маҳаллага 2 миллиард сўмдан маблағ йўналтиради. Бу туман ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар «оғир» туман ва маҳаллалар учун қўшимча яна 4 триллион сўм олади дегани.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.