Қарорга кўра, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинади. Ушбу даврда таълим муассасалари ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари ва тарғибот тадбирлари ўтказилиши белгиланган.
Шунингдек, 2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси” тасдиқланиб, унда Амир Темур ва темурийлар даври меросини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва оммалаштиришга қаратилган қатор вазифалар назарда тутилган.
Хусусан, 9–10 апрель кунлари Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матни форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида нашр этилади. Темурийлар даврига оид “Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси” ҳамда “Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси” номли китоб-альбомлар тайёрланиши ҳам кўзда тутилган.
Манбаларни рақамлаштириш доирасида Темурийлар даврига оид тарихий ҳужжатлар ва қўлёзмаларни ўз ичига олган электрон платформа яратиш ҳам режага киритилган. Бу ташаббуслар буюк аждод меросини сақлаш, ўрганиш ва келажак авлодларга етказишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.