Умумий овқатланиш соҳасида яширин айланмани 1 фоизга қисқартириш давлат бюджетига йилига 119 млрд сўм тушум келтириши мумкин

Умумий овқатланиш соҳасида яширин айланмани 1 фоизга қисқартириш давлат бюджетига йилига 119 млрд сўм тушум келтириши мумкин


Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) ҳамда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан ўтказилган қўшма тадқиқот натижаларига кўра, умумий овқатланиш соҳасида яширин айланмани 1 фоиз бандга қисқартириш давлат бюджетига йилига қўшимча 119 млрд сўм тушум келтириши мумкин.

Тошкент, 2026 йил 25 февраль. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида «Умумий овқатланиш соҳасида норасмий иқтисодиёт ривожига таъсир этувчи омиллар» мавзусида давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур тадқиқот ўтган йил август ойида бўлиб ўтган ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган. Белгиланган устувор йўналишлар доирасида назоратга асосланган ёндашувдан босқичма-босқич иқтисодий рағбатлар тизимини шакллантиришга ўтиш, яъни шаффоф фаолият юритиш учун барқарор шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳолашларига кўра, мамлакатда яширин иқтисодий фаолият ҳажми 120 трлн сўмдан ортиқни ташкил этади. Унинг энг катта улуши хизматлар соҳаси, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш тармоқларига тўғри келади.

Шу муносабат билан норасмий иқтисодиёт кўламини қисқартириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишни назарда тутувчи тармоқ кесимидаги тадқиқотларни ўтказиш вазифаси белгиланди. Таҳлил учун устувор йўналишлардан бири сифатида хизматлар соҳасининг жадал ривожланаётган сегменти бўлган умумий овқатланиш тармоғи танланди. Ушбу соҳа микро ва кичик корхоналарнинг юқори улуши, нақд ҳисоб-китобларнинг кенг қўлланилиши, меҳнатнинг мослашувчан шакллари тарқалгани ҳамда таъминот занжирларининг чекланган даражада кузатилувчанлиги билан тавсифланади.

Таҳлил натижалари

Сўнгги 7 йил давомида Ўзбекистонда умумий овқатланиш соҳаси юқори ўсиш суръатларини намоён этди. 2018–2024 йилларда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 87%га ошди ва ЯИМ ўсиш суръатларидан юқори бўлди.

Тармоқнинг ЯИМдаги улуши 4,4%дан 5,6%гача кўтарилиб, бандлик, уй хўжаликлари истеъмоли, туризм ва шаҳар иқтисодий фаолиятидаги аҳамиятини янада мустаҳкамлади.

Шу билан бирга, жадал ўсишга қарамасдан, 2024 йилда умумий овқатланиш соҳасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 87%ни ташкил этди. Шундан 83%и яширин иқтисодиёт, 4%и эса норасмий иқтисодиёт ҳиссасига тўғри келади.

Сўнгги йилларда мамлакатда солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш, онлайн-кассаларни жорий этиш, электрон меҳнат шартномалари, ҚҚСни қайтариш механизмлари ҳамда вақтинчалик солиқ имтиёзлари каби қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бироқ бизнес кенгайган сари солиқ ва тартибга солиш юкининг ортиши натижасида иқтисодий фаолиятнинг маълум қисми расмий ҳисобдан ташқари қолишини рағбатлантирувчи омиллар сақланиб қолмоқда.

Соддалаштирилган режимлар ва ижтимоий солиқ бўйича пасайтирилган ставкалар мавжуд бўлишига қарамасдан, айланма бўйича белгиланган чегаралардан ошиш ҚҚС, фойда солиғи ва ижтимоий ажратмалар бўйича мажбуриятларнинг сезиларли ортишига олиб келади.

Қўшимча босим кредит ставкалари юқорилиги (22–32%), харидларнинг асосан анъанавий бозорлар орқали амалга оширилиши (64%) ҳамда ҳисоб-фактуралар орқали расмийлаштирилган етказиб бериш улушининг чеклангани (54%) билан изоҳланади.

Ишлаб чиқариш ресурслари тузилмаси ҳам муҳим аҳамиятга эга: уларнинг 52%и қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўғри келади. Шу билан бирга, мазкур маҳсулотларнинг 64%и кузатилмайдиган секторда шаклланади, бу эса қиймат яратиш занжири бўйлаб расмий ҳисобдан ташқари амалиётларнинг тарқалишига хизмат қилади.

Сўров натижалари соҳада бандлик ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг тўлиқ расмийлаштирилмаган амалиётлари сақланиб қолаётганини кўрсатади. Баҳолашларга кўра, умумий овқатланиш корхоналарида ходимларнинг 17–23%и меҳнат муносабатлари тўлиқ расмийлаштирилмасдан банд этилган. Шунингдек, соҳадаги ҳар бешинчи корхона иш ҳақи тўловларини тўлиқ расмийлаштирмайди.

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 40%и амалга оширилаётган давлат қўллаб-қувватлаш чораларидан хабардор эмас. Жумладан, корпоратив даромад солиғи бўйича имтиёзлар, ҚҚСни қайтариш механизмлари ҳамда қисқа муддатли электрон меҳнат шартномаларидан фойдаланиш имкониятлари тўғрисида етарли маълумотга эга эмас.

Ижтимоий ва хулқий омиллар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Сўров натижаларига кўра, ходимларнинг 46%и иш ҳақини тўлиқ нақд пулда олади, истеъмолчиларнинг 37%и эса фискал чек талаб қилмайди. Нақд ҳисоб-китоблар ва онлайн ўтказмалар ҳануз кенг тарқалган тўлов усуллари бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, ходимларнинг 73%и расмий бандликни афзал кўришини билдирган, тадбиркорларнинг 77%и эса фаолиятни расмий майдонда юритиш муҳимлигини тан олган. Бу ҳолат кўп жиҳатдан мавжуд институционал чекловлар билан изоҳланади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.