
Дипломат қайд этишича, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида қўшма ташаббуслар нисбатан кам лойиҳалардан 30 дан ортиқ йирик дастурларгача ўсган. Эришилган натижаларни ҳисобга олган ҳолда, Швейцария иқтисодиёт, сув ресурслари ва энергетика каби асосий йўналишларда қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқчи.
«Бизнинг молиявий иштирокимиз — ҳар доим грантлар, кредитлар эмас. Бу — швейцариялик солиқ тўловчилар пули. Шунингдек, қўйилган мақсадларга эришиш учун швейцариялик ноу-хауларни жорий этишга интилмоқдамиз, бу эса Ўзбекистон ва қўшни давлатлар аҳолиси фаровонлигига хизмат қилади», — деди Константин Оболенский.

Жами ҳисобда, яқин тўрт йилда Марказий Осиёда дастурни амалга ошириш учун қарийб 200 млн доллар йўналтирилади. Қирғизистон 39%, Тожикистон 38% маблағ олади. Умумминтақавий ташаббуслар учун 12% ажратилади, яна шунча маблағ Ўзбекистондаги икки томонлама лойиҳалар ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, мамлакат умумий минтақавий фонд маблағларидан ҳам фойдаланиш имконига эга бўлади. Бу маблағлар трансчегаравий муаммоларни ҳал этишга — минтақавий сув ҳамкорлигини ривожлантириш, гидродипломатия, шунингдек иқтисодиёт, маданият ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги умумий лойиҳаларга йўналтирилади.
Амалдаги 2025−2028 йилларга мўлжалланган глобал стратегия асосида Швейцариянинг ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) ҳамда Давлат иқтисодиёт котибияти (SECO) Марказий Осиё учун янги минтақавий дастур ишлаб чиққан. У Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга қаратилган.
«Дастур минтақа эҳтиёжлари, Швейцариянинг узоқ муддатли манфаатлари ва қайси соҳаларда энг самарали ёрдам бера олишимизга асосланиб шакллантирилган», — деди Андрин Финк.

Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида Швейцария 2025 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Сув кодексига таяниб, бошқарув масалаларига алоҳида эътибор қаратишни давом эттиради. Орол денгизи фожиаси ва Марказий Осиёда сув танқислигининг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, европалик ҳамкорлар эрта огоҳлантириш тизимлари, табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашув механизмларини жорий этишни режалаштирмоқда.
Дастурда энергетик ўтиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Андрин Финкнинг сўзларига кўра, Швейцария тоза энергетика, энергия самарадорлиги ва электр энергияси бўйича минтақавий савдони қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари сифатида кўрмоқда.
Мамлакат Ўзбекистондаги ислоҳотларни, жумладан, янги иш ўринлари яратиш, кўникмаларни ривожлантириш ва молиявий тизимни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашни давом эттиради.

Дастурнинг асосий йўналишлари сифатида самарали давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари сақланиб қолади. Швейцария томони фикрича, буларсиз Ўзбекистонда барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди.
Дастурни амалга оширишда маҳаллий ва халқаро институтлар билан ҳамкорлик, шунингдек минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш муҳим ўрин тутади.
«Биз давлат, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор билан шериклик орқали маҳаллий масъулиятни таъминлашга интиляпмиз. Фаолиятимиз аниқ натижаларга эришишга қаратилган. Шу билан бирга, ўзгарувчан шароитларга мослашиш учун маълум даражада мослашувчанликни сақлаб қоламиз. Лойиҳаларимиз ва устувор йўналишларимиз бир марта белгилаб қўйилган ҳолатда қолмайди — зарур бўлса, контекстдан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилади», — деди Андрин Финк.
Дастур доирасида айрим ҳудудларда пилот лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Уларни синовдан ўтказгандан сўнг бутун мамлакат бўйлаб ва унинг ташқарисида кенгайтириш кўзда тутилган.
Тадбирда Швейцария қўллаб-қувватлаган лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган бизнес ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам сўзга чиқди.
Ўзбекистондаги Schindler эксклюзив дистрибьютори бош директори Даврон Дадамуратов компания 2016 йилдан буён маҳаллий бозорда фаолият юритиб, лифт ва эскалаторларни етказиб бериш, ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланаётганини маълум қилди. Қурилиш суръатлари ошган шароитда дистрибьютор кадрлар тайёрлашга ҳам эътибор қаратган — маҳаллий муҳандислар ва техник мутахассисларни ўқитишга сармоя киритиш ускуналарга Швейцария стандартлари асосида хизмат кўрсатишни таъминлаш имконини бермоқда.

Марказий Осиёдаги Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти (IWMI) ваколатхонаси раҳбари Барбара Януш-Павлета Швейцария кўмагида 2017 йилдан бери амалга оширилаётган ва янги дастур доирасида ҳам давом эттириладиган Blue Peace минтақавий ташаббусини тақдим қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2050 йилга келиб минтақадаги музликлар майдони 30 фоизга қисқариши, Амударё ва Сирдарё дарёлари оқими эса 5−15 фоизга камайиши мумкин.
«Швейцария Конституциясида ривожланиш, тинчлик ва инсон ҳуқуқлари ҳақида айтилган. Марказий Осиёда эса сув — айнан шу ривожланиш, тинчлик ва инсон ҳуқуқларидир», — деди Барбара Януш-Павлета.
Blue Peace Central Asia ташаббуси учта йўналишни қамраб олади: минтақавий мулоқотни ривожлантириш, кичик трансчегаравий ҳавзаларда лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек кадрлар салоҳиятини ошириш ва таълим. Хусусан, лойиҳа Оролни қутқариш халқаро жамғармасига институционал кўмак кўрсатмоқда, шунингдек Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари сўровига биноан Исфара трансчегаравий дарёсида сув ресурсларини биргаликда бошқаришни кучайтириш устида иш олиб бормоқда.
Лойиҳанинг мақсади — минтақадаги давлатларни режалаштириш учун долзарб маълумотлар билан таъминлаш ва сув танқислиги шароитида ресурсларни бошқара оладиган мутахассисларни тайёрлашдан иборат.

Дипломатнинг тушунтиришича, кейинчалик элчихона боғида экиладиган дарахт танлови рамзий маънога эга. Бодом дарахтининг илдизлари мустаҳкам институтлар ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини, пояси экологик ва иқлим муаммоларига бардошлиликни, шохлари ва гуллари эса иқтисодий ривожланиш, касбий кўникмалар ҳамда тенг имкониятларни англатади.
«Бу дарахт каби, ҳамкорлигимиз ҳам узоқ муддатга мўлжалланган, ғамхўрликни талаб қилади ва ҳақиқий натижалар — одамлар ҳаётида сезиларли яхшиланишларни бериши керак. Бизнинг ишимиз мазмуни ҳам айнан шу», — деди Константин Оболенский.

Узоқ муддатли шериклик ҳақидаги бу қарашни Муҳаммад Тошов ҳам қўллаб-қувватлади. У эртанги кун чақириқлари ҳақида гапириб, иқтисодиётни тезкор диверсификация қилиш, ёш авлодни замонавий меҳнат бозори талабларига тайёрлаш, иқлим муаммоларини ҳал этиш ва аниқ маълумотларга асосланган давлат бошқарувига ўтиш зарурлигини таъкидлади.
«Ислоҳотларнинг кейинги босқичи — кўпроқ эмас, балки оқилона ва самарали ишлашдан иборат. Бу борада Швейцария тажрибаси биз учун жуда муҳим ва қимматли. Биз иқлим ўзгариши ва сув муаммоларига бардошлиликни ошириш, касбий кўникмаларни ривожлантириш, хусусий сектор ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек бошқарув тизимини ислоҳ қилиш каби соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун катта салоҳиятни кўряпмиз», — дея хулоса қилди у.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.