Ҳужжат халқ қабулхоналари фаолияти самарадорлигини уларнинг «ягона вертикал тизими»ни жорий этиш орқали оширишга, шунингдек халқ қабулхоналарининг «маҳалла еттилиги», давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлаш орқали «мурожаатларнинг бевосита ҳудудларда қабул қилиниши ва кўриб чиқилишига эришишга» қаратилган.
Президент Халқ қабулхонасига юридик шахс мақоми берилади. Ҳудудлардаги халқ қабулхоналари эса юридик шахс ташкил этмасдан унинг алоҳида бўлинмалари ҳисобланади ва маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
Унинг фаолияти Президент администрациясининг Коммуникациялар департаменти томонидан мувофиқлаштирилади. Апрель бошида Халқ қабулхонаси раҳбари этиб департамент раҳбарининг ўринбосари Фаррух Омонов тайинланганди.
Халқ қабулхонаси «мурожаатларни ҳар томонлама, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқиш»ни ташкил этади ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан уларни кўриб чиқиш устидан назоратни амалга оширади.
У мурожаатларда кўтарилган ва жойларда аниқланган тизимли муаммоларни таҳлил қилиб, тегишли материаллар тайёрлайди.
Шунингдек, вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлашда қонунчиликка риоя этилишини назорат қилади, тегишли ташкилотларга кўрсатма ва топшириқлар юборади.
Зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, «маҳалла еттилиги» аъзоларини жалб этган ҳолда вазиятни ўрганиш ҳуқуқига эга.
Халқ қабулхонаси давлат органлари раҳбарларининг сайёр ва оммавий қабулларини назорат қилади, шунингдек аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган масалалар бўйича қабулларни ташкил этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган талабномаларни киритади.
Мурожаатлар билан ишлаш ҳолати бўйича таҳлилий ахборотлар парламентга ва халқ депутатлари кенгашларига тақдим этилади.
Халқ қабулхонаси жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, шунингдек бунга олиб келган сабаб ва шароитларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари раҳбарларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиши мумкин. Аниқланган қонунбузилишлар бўйича у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб, уни судга юбориш ҳуқуқига эга.
Ваколатлар рўйхатига, шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқаётган давлат органларига уларда кўтарилган масалалар, муаммолар ва келтирилган важларни ҳар томонлама текшириш ҳамда самарали ҳал этиш бўйича кўрсатмалар бериш ҳам киритилган.
Халқ қабулхонаси ўз ваколатлари доирасида давлат органларидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Унга мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида давлат органлари ҳудудлари ва биноларига монеликсиз киришга рухсат этилган.
Давлат органлари томонидан Президент Халқ қабулхонаси ва ҳудудлардаги халқ қабулхоналари талабномалари, тақдимномалари ва кўрсатмалари бажарилмаган тақдирда, улар чора кўриш учун материалларни прокуратура органларига киритиши мумкин.
Виртуал қабулхонада мурожаатларни қабул қилишда уларни «шошилинч», «одатий», «маслаҳат талаб қилувчи» тоифаларга ажратиш амалиёти жорий этилади. Назоратга қайтарилган мурожаатлар уч иш куни ичида юқори турувчи органлар томонидан қайта ўрганиб чиқилади.
Шунингдек, давлат органлари раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш бўйича ҳисоботларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида, шунингдек ҳокимлар ва ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини тегишлича Сенат ёки маҳаллий халқ депутатлари кенгашларида ҳар чоракда камида бир марта эшитиш тартиби жорий этилади.
Давлат органлари ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари халқ қабулхоналари билан биргаликда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мурожаатларни кўриб чиқишга оид эътирозларни ўрганиши керак. Бу уларнинг фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларида акс эттирилади.
Мурожаатларни ҳал этиш ва таҳлил қилиш, шунингдек тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун давлат органларида, жумладан маҳаллий ҳокимликларда доимий ишчи гуруҳлар ташкил этилади. Уларни давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари бошқаради ва ҳар уч ойда ишлаб чиқилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Виртуал қабулхона сайтида ҳар олти ойда давлат органлари ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича рейтинги эълон қилинади. Унда мурожаатлар салмоғи, уларнинг ҳал этилиш даражаси, муддатларга риоя қилиниши, қайта мурожаатлар ва такрорийлиги каби мезонлар ҳисобга олинади.
Қабул жараёнлари устидан назоратни шахсий ва сайёр қабулларни тўлиқ рақамлаштириш орқали кучайтириш режалаштирилмоқда.
Ҳудудлар, туман ва шаҳар раҳбарлари ҳар чоракда мурожаатлар билан ишлаш, муаммоларни ҳал этиш бўйича кўрилган чоралар ва келгуси режалар ҳақида батафсил маълумот эълон қилиши керак.
Фармонга кўра, жамоавий мурожаатлар аҳоли ва «маҳалла еттилиги» иштирокида ўрганилиб, уларнинг розилиги асосида назоратдан олинади.
Мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилиб, жамоатчилик таклифлари инобатга олинади.
Март ойи ўрталарида президент фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказиб, Тошкентда 170 минг мурожаатнинг ярмидан кўпи ҳал этилмаганини қайд этган ва мурожаатларни эътиборсиз қолдириш аҳолининг давлатга бўлган ишончини пасайтиришини таъкидлаган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.