Бухородан 12 километр узоқликда жойлашган ушбу муқаддас маскан минтақа мусулмон дунёсидаги энг муҳим маънавий марказлардан бири ҳисобланади. Бу ерда XIV асрнинг буюк мутафаккири, “Нақшбандия” тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларини умумий дин, яқин маънавий қадриятлар ҳамда буюк мутафаккирлар меросига бўлган ҳурмат бирлаштириб туради. Баҳоуддин Нақшбанд ана шундай улуғ аждодлардан бири бўлиб, унинг номи ҳар икки мамлакатда бирдек эъзозланади.
Мажмуа тарихи асрлар давомида шаклланган бўлиб, бугунги кунда у мақбара, Абдулазизхон томонидан қурилган ҳанақо — зиёратчилар учун бино, икки масжид, Шайбонийлар, Аштархонийлар ва Мангитлар сулоласи вакиллари дафн этилган некрополь, шунингдек тасаввуф тарихи музейини ўз ичига олади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мажмуа кенг кўламда ободонлаштирилди ва тарихий қиёфаси сақланган ҳолда қайта тикланди. Жумладан, Токи Миёна дарвозасидан мақбарагача бўлган тарихий йўлак очилди, боғлар барпо этилди, музей ва таҳоратхоналар қурилди. Айни пайтда Бухоро хонлиги ҳукмдори Дониёлбий томонидан барпо этилган мадраса тикланмоқда.
Зиёрат давомида икки мамлакат раҳбарлари Қуръондан суралар тиловат қилиб, биродар халқлар тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги учун дуо қилдилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.