Ташаббусдан мақсад — иссиқхона мажмуаларини иқлим шароити қулай ҳудудларда жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда пойтахт ҳудудидаги экологик юкламани камайтиришдан иборат.
Сурхондарё вилоятида кўчириладиган хўжаликлар учун замонавий инфратузилма яратиш, шунингдек “Surxon-Agro” дастури доирасида молиявий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Ҳужжатда Тошкент вилоятида иссиқхоналар фаолиятини босқичма-босқич чеклаш белгиланган. Жумладан, табиий газ таъминоти тўхтатилади, шунингдек кўмир ва мазут каби экологик зарарли ёқилғидан фойдаланувчи янги иссиқхоналарни қуриш ва рўйхатдан ўтказиш тақиқланади.
2026 йил 1 июндан бошлаб Юқоричирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида бундай иссиқхоналарни ташкил этиш тақиқланади. 1 августдан эса ушбу ҳудудларда амалдаги хўжаликларга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд газ таъминоти шартномалари бекор қилинади.
Қўшимча равишда иқтисодий шартлар ҳам қатъийлаштирилмоқда: сув ресурслари учун тўлов саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифдан 5 баравар юқори ҳисобланади, ер ва мол-мулк солиқлари эса 10 бараварга оширилади.
Бўшаб қолган ҳудудлар интенсив боғлар, токзорлар, кўчатхоналар ҳамда “яшил зоналар” ташкил этиш учун фойдаланилади. Давлат ерларида ижарага берилган майдонларда иссиқхона фаолияти тўхтатилади ва капитал қурилиш тақиқланади.
Расмийларга кўра, мазкур чоралар экологик ҳолатни яхшилаш, иссиқхона сектори модернизациясини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ҳудудлар кесимида оқилона тақсимлашга қаратилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.