Танлов ғолиблари раҳбар кадрлар захирасига киритилади

Танлов ғолиблари раҳбар кадрлар захирасига киритилади

Танлов доирасида давлат идораларида самарали фаолият юритиб келаётган бир қатор ходимлар турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.

Тоғ-кон ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Болибеков “энг намунавий раҳбар ходим” сифатида эътироф этилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Фазлиддин Мўминов “энг намунавий маъмурий ходим”, “Ўзатом” агентлиги бош мутахассиси Шоҳмирзо Умаров эса “энг намунавий мутахассис ходим” номинациясида ғолиб бўлди.

Камбагалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Умматой Йўлдошева “энг намунавий аёл ходим” деб топилган бўлса, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги лойиҳа офиси раҳбари Акбархон Собирхонов “энг намунавий истеъдодли ёш ходим” сифатида тақдирланди.

Шунингдек, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Мирсаид Раҳматов инсон ресурслари соҳасидаги самарали фаолияти учун “инсон ресурслари бўйича энг намунавий ходим” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев барча ғолибларнинг лавозимини бир поғонага ошириш ва уларни раҳбар кадрлар захирасига киритиш таклифини билдирди.

Давлат раҳбари мазкур мутахассисларнинг чуқур фикрлаши, ўз устида мунтазам ишлаши ва меҳнат фаолиятида инновацион ёндашувларни жорий этиши бошқалар учун намуна эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, келгусида танлов натижаларида фақат юқори натижа кўрсатган ташкилотлар эмас, балки самарадорлик ва хизмат сифати бўйича ортда қолаётган давлат идоралари номи ҳам очиқ эълон қилиниши маълум қилинди.

Президент, шу муносабат билан, фаолиятида жиддий камчиликлар кузатилаётган ташкилотлар бу ҳолатдан тегишли хулоса чиқариши зарурлигини қайд этди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.