Сенат қўмитаси тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилиб, мамлакатда коррупцияга қарши курашиш учун зарур ҳуқуқий ва институционал база яратилганини қайд этди. Бироқ айрим соҳаларда ишлар ҳануз коррупциянинг тизимли сабабларини бартараф этишга эмас, асосан унинг оқибатларини йўқотишга қаратилмоқда.
«Маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатда коррупцияга қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асослари яратилганига қарамай, айрим соҳаларда олиб борилаётган ишлар ҳали ҳам асосан коррупциянинг оқибатларини бартараф этишга йўналтирилган», — деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов.
Қўмита баҳосига кўра, коррупциянинг тизимли сабабларини эрта аниқлаш ва бартараф этиш, ички назоратни кучайтириш, коррупция хавфларини баҳолаш ҳамда раҳбарларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган механизмлар ҳозирча кутилган натижани бермаяпти.
Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 2,9 триллион сўмдан ошган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 2,81 триллион сўм бўлган.
Жавобгарликка тортилганлар сони бўйича ўтган йилда ҳам Андижон вилояти етакчилик қилган — 946 киши. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 793, Қашқадарё вилояти — 745, Самарқанд вилояти — 709 ва Наманган вилояти — 549 киши билан қайд этилган.
Соҳалар кесимида энг кўп ходим мактабгача ва мактаб таълими тизимида жиноий жавобгарликка тортилган — 580 киши. Маҳаллий ҳокимликларда бу кўрсаткич 497, соғлиқни сақлаш тизимида 404, тижорат банкларида 245, олий таълим муассасаларида эса 161 кишини ташкил этган.
Қўмита раиси сўзларига кўра, коррупцияга оид аниқланган жиноятлар сонининг кўпайиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг кучайгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Шу билан бирга, қўмита вазирлик ва идоралардаги ички назорат тузилмаларининг самарадорлиги етарли эмаслигини ҳам асосий сабаблардан бири сифатида қайд этди.
Қўмитага кўра, айрим ташкилотларда коррупциянинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган комплаенс назорат тузилмалари амалда бу вазифани тўлиқ бажармаяпти.
«Бу айрим ташкилотларда коррупциянинг олдини олиш учун ташкил этилган комплаенс назорат тузилмалари профилактика воситаси сифатида эмас, балки фақат ҳисобот тақдим этиш билан чекланаётганини кўрсатади», — дейилади қўмита хулосасида.
Сенатда давлат органларининг ички коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари фаолияти аввал ҳам танқид қилингани қайд этилди. Хусусан, бу масала 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаш йиғилишида танқид остига олинган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов муҳокама давомида бундай бўлинмалар ходимларининг, айниқса ҳудудий тузилмалардаги мутахассисларнинг малакаси билан боғлиқ муаммолар борлигини тан олди.
Унинг айтишича, 2025 йил 30 декабрдаги президент фармони билан комплаенс назорати мутахассислари учун биринчи марта минимал малака талаблари белгиланган.
Бўлинма раҳбари тегишли соҳада камида тўрт йиллик, ходим эса камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлиши керак. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, молия ёки иқтисод соҳаларида билим ва тажриба талаб этилади.
«Ушбу талаблардан келиб чиқиб, комплаенс назорат бўлинмаларининг 200 нафардан ортиқ ходими билан хайрлашишга тўғри келди», — деди агентлик раҳбари.
Шунингдек, комплаенс хизмати ходимларини сертификатлаш тизими жорий этилмоқда. Тегишли малака сертификатига эга бўлмаган ходимлар комплаенс бўлинмаларида ишлай олмайди.
Ходимлар ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтиши керак бўлади.
«1 сентябрдан республикадаги барча комплаенс назорати бўлинмалари ходимларини аттестациядан ўтказамиз ва уларнинг малака талабларига мос келиш-келмаслигини баҳолаймиз», — деди агентлик вакили.
Бундан ташқари, айни пайтда ички назорат бўлинмалари тўғрисидаги намунавий низом қайта кўриб чиқилмоқда. Унда коррупциянинг олдини олиш бўйича вазифаларни етарлича бажармаганлик учун уларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаш режалаштирилган.
Агентлик, шунингдек, нафақат комплаенс хизматлари раҳбарлари, балки зарур коррупцияга қарши чораларни кўрмаган вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари ҳам жавобгар бўлишини назарда тутувчи норматив ҳужжат устида ишламоқда.
Ўзбекистон коррупцияни қабул қилиш индексида иккинчи йил кетма-кет ўз мавқеини йўқотмоқда. Мамлакат 2025 йилги рейтингда 182 давлат орасида 124-ўринни эгаллади. Бу аввалги рейтингга нисбатан яна бир баллга паст кўрсаткичдир.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар учун 7354 киши жазоланган. Бу 2023 йилга нисбатан 12,5 фоизга кўп. Коррупция оқибатида етказилган зарар икки бараварга ошиб, 2,8 триллион сўмни ташкил этган. Жазоланганлар сони ва етказилган зарар миқдори бўйича Андижон вилояти етакчилик қилган. Энг кўп коррупция ҳолатлари таълим ва тиббиёт соҳаларида қайд этилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.