Келишувлар рақамли технологиялар ва молиядан тортиб қишлоқ хўжалиги, муҳим минерал ресурсларни ўзлаштириш, соғлиқни сақлаш ва таълимгача бўлган кенг соҳаларни қамраб олади.
Транспорт соҳасида «GE Aerospace» компанияси билан «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг янги самолётлари учун двигателлар етказиб бериш бўйича ҳамкорлик назарда тутилган. «Wabtec» билан шериклик эса темир йўл техникаси ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган. Бу ташаббуслар транспорт инфратузилмасини янгилаш ва маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Молия бозори соҳасида «Franklin Templeton», «Oppenheimer & Co.», «Citigroup» ва «BlackRock» компаниялари билан тузилган келишувлар ўзбекистонлик компанияларнинг халқаро капитал бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш, институционал инвесторларни жалб қилиш ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни назарда тутади.
Кончилик соҳасида «ReElement Technologies», «Traxys» ва «Trafigura» компаниялари билан ҳамкорлик конларни ўрганиш ва ўзлаштириш, технологик шерикликни ривожлантириш ҳамда минерал хомашё етказиб беришни ташкил этишни қамраб олади. Ушбу йўналишнинг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистоннинг муҳим минераллар соҳасидаги салоҳияти ва тажрибасини мустаҳкамлашдан иборат.
Бошқа муҳим келишувлар қаторида «Amazon Leo» билан сунъий йўлдош алоқасини ривожлантириш, «GE HealthCare» билан замонавий тиббий ечимларни жорий этиш ва «Valmont Industries» кўмагида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини ошириш ҳам бор.
Имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилайди. Кейинги босқичда келишилган ташаббусларни амалга ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва мамлакатнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш кўзда тутилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.