Эрон Самарқанд атрофидаги дипломатик можарога изоҳ берди

Эрон Самарқанд атрофидаги дипломатик можарога изоҳ берди


Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бағои Эрон дипломатик ваколатхоналарининг Самарқанд ҳақидаги публикацияларидан кейин Ўзбекистон норозилигига сабаб бўлган дипломатик можарога муносабат билдирди.

Бағоининг айтишича, Эрон элчихоналарининг айрим ходимлари томонидан эълон қилинган материаллар АҚШ томонига қаратилган. Шу билан бирга, у Теҳрон ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар муҳимлигини таъкидлаб, икки мамлакатнинг умумий тарихи ва маданий мероси дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклигини қайд этди.

«Биз Ўзбекистон билан муносабатларимизга катта аҳамият берамиз. Қўшни мамлакатларнинг турли ҳудудларида ва янада кенгроқ маконда мавжуд бўлган умумий меросимиз халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни давом эттириш ва мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилишига ишонамиз», — деди Эрон ТИВ вакили.

Аввалроқ Эроннинг Арманистондаги элчихонаси АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи ҳақидаги публикациясига муносабат билдириб, шаҳарни «форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисми» деб атаган эди.

Ушбу публикациялардан сўнг Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий республика Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Унга норозилик нотаси топширилиб, Эрон дипломатик ваколатхоналарининг ижтимоий тармоқларидаги тегишли материалларни ўчириш ҳамда келгусида бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш чораларини кўриш талаб қилинди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.