Лойиҳани тақдим этган Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвоновнинг маълум қилишича, маъмурий даъволарнинг тўрт турини жорий этиш таклиф қилинмоқда: низолашиш, тақиқлаш, мажбурият юклаш ва тан олиш тўғрисидаги даъволар.
Бу фуқаро ва тадбиркорларга давлат органлари қабул қилган қарорлар устидан шикоят қилиш билан бирга, ҳуқуқлари бузилиши хавфи мавжуд бўлганда ҳам суд ҳимоясига мурожаат қилиш имконини беради.
«Эртага у маъмурий органни ва қонун билан белгиланган вазифасини суд қарори билан чеклаб, унинг муайян ҳуқуқини чеклашга тўғри келиб қолмайди? Бунинг чегараси қандай бўлади? Бу қандай ишлайди?» — деб сўради депутат.
Шуҳрат Полвонов саволга жавоб берар экан, таклиф этилаётган ўзгартиришлар бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилишдан эҳтимолий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ўтишга қаратилганини айтди.
«Бугунги кунда маъмурий судга мурожаат қилиш учун, масалан, фуқаро ёки тадбиркор мурожаат қиладиган бўлса, ҳуқуқнинг бузилиши ҳолатини кутиши керак. Яъни судга мурожаат қилса, биз: „бу масала бўйича маъмурий органни қарори борми, мансабдор шахсни қарори борми? Ўша қарор устидан шикоят қилишингиз мумкин“ деймиз. Ва тадбиркор ёки фуқаро энди кутиши керак: қачон унинг ҳуқуқи бузилади ва қачон ўша қарорни олади. Кейин судга мурожаат қилади», — деди Олий суд раисининг ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, тақиқлаш тўғрисидаги даъвони жорий этиш ушбу тартибни ўзгартириш имконини беради.
«Тақиқлаш тўғрисидаги даъво ҳуқуқларнинг ҳимоясини проактив ҳолатга ўтказади», — деди Полвонов.
У мисол тариқасида муайян фаолият турига маблағ киритмоқчи бўлган, бироқ кейинчалик солиқ ёки қурилиш органлари лойиҳани амалга оширишга тўсқинлик қилувчи қарор қабул қилишидан хавотирланаётган тадбиркорни келтирди.
Бундай ҳолатда тадбиркор судга мавжуд ҳужжатлар, рухсатномалар ва фаолиятни амалга ошириш учун бошқа асосларни тақдим этиб, эҳтимолий қонунга хилоф аралашувдан ҳимоя қилишни сўраши мумкин.
«Суд уни ҳужжатлари асосида кўриб чиқиб, солиқ ёки бошқа маъмурий органларга тадбиркорнинг мана шу фаолиятига ёки мана шу йўналишига аралашишга тақиқ қўяди. Тадбиркор ишонч билан ҳуқуқлари бузилмасдан ҳаракат қилишига имконият бўлади», — деб тушунтирди Полвонов.
Шу билан бирга, тақиқни қўллашнинг аниқ шартлари, шу жумладан, ҳуқуқлар бузилиши хавфини тасдиқловчи далилларга қўйиладиган талаблар қонун лойиҳасининг якуний таҳририда белгилаб берилиши керак.
Олий суд раисининг ўринбосари лойиҳа Германиядаги маъмурий суд ишларини юритиш модели ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилганини маълум қилди. Ҳужжатни тайёрлашда Олий суд, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура вакиллари, депутатлар, шунингдек, Германия, Япония ва Озарбайжон каби мамлакатлардан хорижий мутахассислар иштирок этган.
Фуқаро ва тадбиркорлар вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларининг уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахл қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, давлат органларининг қабул қилинаётган қарорлар қонунийлиги ва асослилигини исботлаш мажбуриятини кучайтириш таклиф этилмоқда.
Жумладан, давлат органи қўлланилаётган жарима ёки бошқа чоранинг мутаносиблигини асослаб бериши керак бўлади. Суд эса қарорнинг фақат расмий жиҳатдан қонунийлигини эмас, балки қўлланилган чора қонунчиликда белгиланган мақсадга қанчалик мос келишини ҳам текширади.
Қонун лойиҳаси маъмурий судларга мурожаат қилиш тартибини соддалаштиришга ҳам қаратилган. Аризадаги расмий камчиликлар уни автоматик равишда қайтариш учун асос бўлмаслиги таклиф этилмоқда. Суд аризачига камчиликларни бартараф этиш ва талабларни аниқлаштиришда ёрдам бериши керак бўлади.
Агар ариза адашиб бошқа ҳудудий судга юборилган бўлса, уни аризачига қайтариш ўрнига тегишли судга юбориш таклиф қилинмоқда.
Яна бир янгилик — жамоавий даъволар институти. Лойиҳага кўра, умумий манфаатларни ҳимоя қилиш учун камида 20 киши битта иш доирасида бирлашиши мумкин бўлади. Муҳокама чоғида депутатлар иштирокчиларнинг энг кам сони айнан шундай белгиланиши мақсадга мувофиқлиги масаласини ҳам кўтарди.
Амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга мувофиқ, манфаатдор шахс маъмурий органнинг қарори ёки ҳаракати унинг ҳуқуқларини бузган, уларни амалга оширишга тўсқинлик қилган ёки зиммасига қонунга хилоф равишда мажбурият юклаган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликда дастлабки ҳимоя чоралари, жумладан, низолашилаётган ҳужжат ижросини тўхтатиб туриш имконияти ҳам назарда тутилган. Таклиф этилаётган янгилик эса келгусида ҳуқуқлар бузилишининг олдини олишга қаратилган мустақил даъво турини жорий этишдан иборат.
Шуҳрат Полвонов йиғилишда келтирган маълумотларга кўра, 2017−2026 йилларда маъмурий судлар қарийб 150 мингта ишни кўриб чиққан. Олий суд ҳисоб-китобларига кўра, 55 фоиз ҳолатда фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан қарийб 27 мингта хусусий ажрим чиқарилган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрири лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда маъқулланди. Қонун кучга кириши учун ҳужжат қонунчилик жараёнининг кейинги босқичларидан ўтиши керак.
Эслатиб ўтамиз, 22 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев маъмурий суд ишларини юритишни ислоҳ қилиш бўйича таклифларни маъқуллаган эди. Жумладан, фуқароларга ҳокимликлар ва маҳаллий кенгашларнинг уларнинг ҳуқуқларини бузувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан судга шикоят қилишга рухсат бериш таклиф қилинган. Шунингдек, маъмурий даъволарнинг тўрт турини жорий этиш, ҳуқуқлар бузилишидан олдин ҳимояланиш имкониятини яратиш, судга мурожаат қилишнинг олти ойлик муддатини қайта кўриб чиқиш ҳамда давлат органлари қарорларининг қонунийлиги ва мутаносиблиги устидан суд назоратини кучайтириш назарда тутилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.