Ўзбекистонда ҳокимларнинг спорт бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди

Ўзбекистонда ҳокимларнинг спорт бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг спорт бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Бу президентнинг 16 ноябрдаги «Спорт соҳасини рақамлаштириш ва самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ — 396-сон] қарорида белгиланган.

Белгиланишича, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси ижрочи директори бир вақтнинг ўзида маслаҳатчи этиб белгиланади. Маслаҳатчи Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан Спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Бунда Миллий олимпия қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг амалдаги штат бирликлари тўлиқ сақлаб қолинади.

Қарор билан маслаҳатчининг асосий вазифалари ҳам белгилаб берилди. Хусусан, у жойларда аҳоли, айниқса, ёшларни оммавий спортга жалб этиш тизими самарали амалга оширилишини ва бу борада туман (шаҳар) ҳокимликлари билан ҳамкорликни таъминлайди.

Шунингдек, спорт инфратузилмаси яхши ривожланмаган олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда спорт иншоотларини барпо этиш, спорт мактаблари ҳамда умумтаълим муассасаларида спорт тўгараклари тармоғини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга масъул бўлади. Бундан ташқари, Президент Олимпиадаси спорт мусобақаларининг жойлардаги босқичларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш чораларини кўради.

Маслаҳатчи зиммасига Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича республика ва халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда ҳудудий терма жамоаларнинг муваффақиятли иштирокини ташкиллаштириш вазифаси ҳам юклатилди.

У маҳаллий ҳокимликларнинг Спорт вазирлиги, Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталари, спорт федерациялари билан доимий ҳамкорлигини йўлга қўяди ҳамда Қорақалпоғистон Спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт бошқармалари билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.