13 ноябрдаги қарорга кўра, Комила Абдуқодирова 3 йил 6 ойга, Барчин Ғофурова 4 йилга, Ниҳола Ражабова эса 4 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Учаласи ҳам умумий тартибли колонияда жазо ўтайди. Абдуқодирова ва Ғофурова суд залидаёқ қамоққа олинган.
Иш Тошкентдаги Med Consultant клиникаси атрофида юзага келган можаро билан боғлиқ. Комила Абдуқодирова липосакция ва абдоминопластика операцияларини ўтказиш учун ушбу тиббиёт муассасасига мурожаат қилган. Операциядан кейин унинг аҳволи ёмонлашган ва блогер клиника ҳамда шифокорларнинг тиббий ёрдам сифати юзасидан очиқ танқид қила бошлаган.
Клиника вакиллари эса операция бепул ўтказилганини, бемор шифокорлар тавсияларига амал қилмаганини билдирган. Кейинчалик можарога Барчин Ғофурова ва Ниҳола Ражабова ҳам қўшилган.
Дастлабки ҳукм 16 июнь куни Чилонзор тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан чиқарилган. Ўшанда Абдуқодирова 1 йил 6 ойга, Ғофурова 1 йил 3 ойга озодликни чеклаш жазосига, Ражабова эса 3 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди.
Иш материалларида 35 минг доллар миқдоридаги маблағ ҳам тилга олинган. Абдуқодирова клиника раҳбаридан Туркиядаги даволаниш харажатларини қоплашни талаб қилган. Шунингдек, Ражабова унга Туркиядаги хусусий шифохонанинг худди шу суммадаги ҳисоб-фактурасини тақдим этган.
13 ноябрь куни апелляция ҳайъати дастлабки қарорни бекор қилиб, айбланувчилар ҳаракатларининг ҳуқуқий квалификациясини қайта кўриб чиққан. Суд учала шахсни ҳақорат қилиш ва товламачилик билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топиб, уларга нисбатан оғирроқ жазо тайинлаган.
Апелляция инстанцияси ҳукми устидан қонунда белгиланган тартибда юқори турувчи судга шикоят ёки протест киритиш мумкин.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.