Жанубий Кореяда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштиришда айбланмоқда

Жанубий Кореяда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштиришда айбланмоқда


Жанубий Кореяда бўлиб турган тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросига терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунни бузиш айби қўйилган. Улар Суриядаги террорчилик гуруҳига пул ва транспорт воситаларини юборишда гумонланмоқда.

Кванджу полиция бошқармаси маълумотларига кўра, гумонланувчилардан бири 2024 йил августидан 2025 йил апрелигача БМТ томонидан террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилган «Катиба ат-Тавҳид валь-Жиҳод» (КТЖ) гуруҳига етти марта криптовалюта ўтказган. Ўтказмаларнинг умумий қиймати 6,3 миллион вонни (4 600 доллар) ташкил этган.

29 ёшли эркак КТЖдан ҳам криптовалюта олганликда гумонланмоқда. Ушбу маблағларга Жанубий Кореяда умумий қиймати 170 миллион вон бўлган 11 та ишлатилган автомобиль ва иккита экскаватор сотиб олиб, кейин уларни Сурияга жўнатган.

Полиция маълумотларига кўра, экскаваторлар ва автомобиллар Сурияда КТЖ базаларини жиҳозлаш ҳамда гуруҳ фаолиятини таъминлаш учун ишлатилган.

КТЖ — «Ал-Қоида» билан алоқадор бўлган, асосан ўзбеклар ва қирғизлардан ташкил топган қуролли гуруҳ. БМТ 2022 йилда уни террорчилик ташкилоти деб тан олган.

Терговчиларнинг фикрича, гумонланувчи расман КТЖ аъзоси бўлмаган, бироқ гуруҳ аъзоси бўлган укасининг таъсири остида унга ёрдам бера бошлаган.

Эркак апрель ойида, Интерпол унга нисбатан халқаро қидирув бўйича «қизил хабарнома» эълон қилганидан бир ой ўтиб ҳибсга олинган. Кейинчалик унга расман айблов эълон қилиниб, қамоқда сақлаш чораси қўлланилган.

Тергов маълумотларига кўра, у Жанубий Кореяга 2017 йил август ойида D — 2 талабалик визаси билан келган ва Тэджон шаҳридаги университетни тамомлаган. 2023 йил январь ойида визасининг амал қилиш муддати тугагач, мамлакатда ноқонуний қолган. У Тэджонда яшаб, қурилиш объектларида кунбай ишлаган.

Ўзбекистоннинг яна уч нафар фуқароси асосий гумонланувчига ёрдам беришда, жумладан, ишлатилган транспорт воситаларини топишда айбланмоқда. Улар тергов остида бўлса-да, ҳозирча озодликда қолмоқда.

Асосий гумонланувчига оид иш судда кўриб чиқилмоқда. Ҳукм 3 сентябрь куни эълон қилиниши керак. Прокуратура унга нисбатан саккиз йиллик қамоқ жазосини сўраган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.