Ўзбекистон ва Иордания ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олди

Ўзбекистон ва Иордания ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания қироли Абдулла II ибн ал-Ҳусайн сешанба куни Аммандаги «Ал-Ҳусайния» саройида бўлиб ўтган музокараларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Етакчилар сиёсий мулоқот фаоллашгани, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ошганини қайд этди. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида савдо, инвестициялар, транспорт ва логистика, кончилик саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика белгиланди.

Томонлар преференциал савдо тўғрисидаги битимни имзолаш ҳамда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш масаласини ҳам муҳокама қилди.

Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, диний-маърифий соҳада тажриба алмашиш, сайёҳлик алмашинувларини кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Учрашувда халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди. Етакчилар БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, Ақаба жараёни ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлигини қайд этди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Абдулла II ни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.