Самарқанд халқаро технология университети ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбирни юқори савияда, 16 та давлатдан келган олимлар иштирогида ўтказди.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Куни кеча Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)да эл суйган шоирнинг юбилейи катта тантана билан қайд этилди. “Қўшиқ бўлиб қайтаман…” деб номланган маънавий-маърифий тадбир Silk Road Samarkand туристик марказининг “Hilton Samarkand Regency” меҳмонхонасида университетнинг Ўзбек тили ва маданияти маркази томонидан ташкил этилди.
Адибнинг умр йўлдоши Назира ас-Салом сўзга чиқиб, шоир билан ўтказган умр йўллари ва ёзган шеърлари тарихи ҳақида сўзлаб берди. “Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманларида Муҳаммад Юсуфнинг 70 йиллигига бағишлаб кўплаб тадбирлар ўтказимоқда. Буни халқимизнинг шоирга бўлган чексиз ҳурмати намунаси деб биламан. Бундай эътибор ва эътироф учун барчага миннатдорлик билдираман”, – дейди Назира ас-Салом.
Муҳаммад Юсуфнинг бетакрор ижоди ҳақида SIUT ректори, профессор Юсуф Абдуллаев ҳам алоҳида тўхталди. “Шоир қолдирган шеърий меъроси – бебаҳо ва ўлмас, – дейди ректор Юсуф Абдуллаев, – ҳар бир шеъри то ҳанузгача ёшларимизни тўлқинлантириб, ҳаётий ўрнак бўлиб келмоқда”.
Маънавий-маърифий тадбир “Улуғимсан Ватаним” қўшиғи билан якунланди.
Сўзнинг бадиий имкониятларидан маҳорат билан фойдаланган шоирнинг асарлари аждодлардан авлодларга мерос бўлиб, яна кўп йиллар одамларга завқ-шавқ бағишлайди.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.