Jurabek Laboratories асосчиси Мунира Кариева 18 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўғли Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариевни озод қилиш бўйича судга таклиф берди.
Тошкент шаҳар судлари Матбуот хизматининг UzNews.uz'га хабар беришича, Jurabek Laboratories асосчиси «Док 1 Макс» дори воситасидан жабрланганларга 75,6 миллиард сўм товон тўлашга тайёрлигини маълум қилди.
Jurabek Laboratories фармацевтика компанияси таъсисчиси Мунира Кариева «Док 1 Макс» препаратини қабул қилиб вафот этган болаларнинг оилаларига 3 йил давомида 75,6 миллиард сўм товон пули тўлашни таклиф қилди.
Бунинг эвазига у 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўғли, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариевни озод қилишни сўраган.
«Мен зарарли дорилар таъсиридан фарзандлари вафот этиб, жабрланган ота-оналарнинг оғриқли яраларига бироз бўлсада малҳам бўлиши учун ҳамда ўғлим Сардор Кариевнинг қисматини енгиллатиш учун айни вақтда ўзим раҳбарлик қилаётган Jurabek Laboratories МЧЖнинг иқтисодий салоҳиятини айнан суд ҳукмида жабрланган ота-оналарга ундириб берилиши белгиланган маънавий зарарларни тўлаб беришга йўналтирмоқчиман. Товон пулини бўлиб-бўлиб тўлаймиз, ўғлим Сардор Кариевни озод қилинглар», — дея таклиф берган Мунира Кариева суд мажлисида.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили «Док 1 Макс» дори воситасини қабул қилган 65 нафар бола заҳарланиш оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.