Спорт синовлари халқ саломатлиги мезонларини белгилаб беради

Спорт синовлари халқ саломатлиги мезонларини белгилаб беради

Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 30 январда имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонда ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш назарда тутилган.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган режага мувофиқ, мамлакатимизда истиқомат қилаётган 7 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта ёшли инсонлардан “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини қабул қилиш белгиланган.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш асносида юртимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларининг аҳамияти беқиёс. Ишлаб чиқилган дастурга биноан жорий йилнинг апрель-май ойларида 7-17 ёшдаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан спорт синовлари қабул қилинади.

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб мактаб ўқувчиларидан спорт синовларини қабул қилиш жараёнлари қизғин давом этмоқда.

Жорий йилнинг 19 апрелидан мактаб ўқувчилари ўртасида бошланган спорт синовлари натижасида бугунгача 5 миллиондан ортиқ навқирон авлод вакиллари “Жисмоний тайёргарлик даражаси” билан қамраб олинди.

Куни кеча пойтахтимизнинг Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яшнобод каби туман мактабларида ўқувчилардан спорт синовларини қабул қилиш ишлари бошланди. Ҳақиқий саломатлик байрами шаклида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимларида иштирок этган Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ташкилот мутасаддилари “Жисмоний тайёргарлик даражаси”ни аҳоли орасида, айниқса, ёшлар ўртасида тизимли тарзда ўтказиш халқ саломатлигини ошириш, миллат генофондини соғломлаштириш, жамиятда соғлом муҳитни вужудга келтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини таъкидлади.

Спорт синовларини қабул қилишда мактабларда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг иштироки, қамраб олинганлик даражасини аниқлаш рейтинги юритиладики, бу, ҳудудларда жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътиборнинг қай даражада эканлигини аниқлаш мезонларини ҳам белгилаб беради. Баҳолаш тизимига кўра, спорт синовларининг махсус талабларини муваффақиятли бажарган ўқувчилар махсус имтиёзларга эга бўлади. Тегишли тартибда рағбатлантирилади. 10-11 синф ўқувчилари “Ватан таянчи” ҳарбий отрядларига қабул қилинади.

Шунингдек, синовларни муваффақиятли топширган истеъдодли ёшлар орасидан спорт захираси шакллантирилади. Қобилиятига қараб спорт мактабларига йўналтирилади.

Яна бир эътиборга молик жиҳат, “Жисмоний тайёргарлик даражаси”ни бажарган ёшлар хоҳишига кўра “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз ўқишга киришда имтиёзга эга бўлади.

Манба: uza.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.