«Сиёсий ирода йўқлигидан ҳаммамиз пахтага қул эдик» — президент

«Сиёсий ирода йўқлигидан ҳаммамиз пахтага қул эдик» — президент

Шавкат Мирзиёев сиёсий ироданинг етишмагани сабаб Ўзбекистонда аввал пахта етиштириш давлат ва жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларини қамраб олгани, мактаб ўқувчилари ҳам далаларда меҳнат қилганини таъқидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакат ҳудудларида янги объектларни фойдаланишга топшириш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг нутқига жавобан гапирди.

Вилоят раҳбари сўнгги ўн йилда мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида тўхталар экан, президент раҳбарлигида Ўзбекистон «пахта қуллиги»дан халос бўлганини таъкидлади.

«Кўп айтасиз, пахтага тобе эдик. Пахта қуллигидан ҳам бир халос қилдингиз-да. Мактаб ўқувчилари даладан чиқмасди. Бу нарсалар ўз-ўзидан бўлгани йўқ», — деди Эркинжон Турдимов.

Президент эса ўтмишдаги пахта сиёсати туфайли мамлакатда деярли бутун йил давомида қишлоқ хўжалиги ишларига эътибор қаратилганини қайд этди.

«Лекин ҳамма унутиб юборди у қулликни. Сиёсий ирода йўқлигидан ҳаммамиз пахтага қул эдик, ҳақиқатда. Йигирма тўрт соат, ўн икки ой шудгор, чеканка, дефолиация, терим билан шуғулланардик. Бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмасдик», — деди Шавкат Мирзиёев.

Турдимов, шунингдек, сўнгги йилларда Сирдарё вилояти аграр ҳудуддан саноатлашган вилоятга айланганини билдирди.

«Мана Сирдарё вилояти ҳам бугун аграр соҳадан саноатлашган вилоятга айланиб бўлди, ҳурматли президент. Ҳозир ҳам телевизорга қараб турибмиз, кўп объектлар очиляпти. Шу объектларни ҳаммаси сизнинг ислоҳотларингизнинг натижаси. Илгари шу объектни очиш учун Совет пайтига назар ташласак КПССнинг қарори қабул қилинарди. Кейин ҳам бу чала қолиб, бу ҳам қолиб кетарди, ҳурматли президент», — деди ҳоким. Президент унинг гапини давом эттириб, «Уч йилда битта мактаб қуриларди», деди.

Вилоят ҳокимининг айтишича, 2026 йилда Сирдарёга 2 млрд доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.

«Сирдарё вилоятида ҳам бу йил 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қиляпмиз», — деди Турдимов.

Президент эса бундай кўрсаткичлар аввал Сирдарё учун ишончсиз туюлганини таъкидлади.

«Умуман Сирдарёда ҳам бирор [одам] 2 миллиард инвестиция олиб келиш мумкинлигига ишонармиди? Ҳеч ким ишонмасди. Қилса бўлар экан», — деди давлат раҳбари.

Эркинжон Турдимовнинг сўзларига кўра, ўн йил аввал вилоятда инвестиция ҳажми деярли бўлмаган. Бугун эса Сирдарё эркин иқтисодий зонасида бир гектар ерга тўғри келадиган инвестиция ҳажми қарийб 4 млн долларга етган.

У Сирдарё аҳолисининг кайфияти юқори эканини ва вилоят президенти томонидан белгиланган вазифаларни бажаришга тайёрлигини билдирди.

«Бугун, очиғини айтаман, сирдарёликларнинг шасти жуда баланд. Сиз қўйган барча топшириқларни бир сидқидилдан адо этамиз», — деди Эркинжон Турдимов.

Президент аввал ҳам пахта сиёсатини қоралаган эди. У 2025 йил декбрдаги Сирдарё вилоятига ташрифи давомида фермерлар билан учрашувда одамларнинг умри пахта даласида бекор ўтганини таъкидлаганди.

«Умримиз пахтада бекор ўтган экан. 27 йил қийналганмиз. Шу пахта деган балони ҳаммамиз далада кўрдик, биримиз икки бўлмади», — дея қайд этганди президент.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланиш тўхтатилишини эълон қилганди. Шундан сўнг Cotton Campaign ўзбек пахтасига нисбатан кўп йиллик глобал бойкотни бекор қилган.

Ўша йили Better Cotton Initiative Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчиларни атроф-муҳит, маҳаллий аҳоли ва иқтисодиёт учун янада қулай пахта етиштиришда қўллаб-қувватлаш дастурини расман ишга туширган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.