10 март куни давлат раҳбарига нефть-газ соҳасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳисобот берилди.
Норматовнинг айтишича, йил бошидан бери Ўзбекнефтгаз иккита янги конни очган ва қазиб чиқаришни кенгайтириш учун бир қатор шартномалар имзолаган.
«Контрактларга қўл қўйилди. Йил давомида 30 та чуқур ва ўта чуқур қудуқларни қазиш бўйича Хитойнинг XIBU компанияси билан шартнома қилинган», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Шунингдек, компания президентга йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ва уларни ўз вақтида бажариш учун чора-тадбирлар ҳақида ҳисобот тақдим этган.
Унинг сўзларига кўра, 2026 йилда сейсмик қидирув ишлари ҳажми сезиларли даражада оширилиши режалаштирилган.
«Бу йилги режалаштирилган 6500 погон-километр сейсмик қидирув ишларини 9700 га кўтариш бўйича нефть-газ соҳасида ҳамма шартномалар, шароитлар қилинган», — деди у.
Йиғилишда, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган хусусий ва хорижий компаниялар фаолияти ҳам муҳокама қилинган.
«Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган, ҳозирги пайтда захираларимизнинг 25 фоизини бошқараётган хусусий ва чет эл корхоналари бўйича маълумот берилди. Уларнинг ҳам ишлари кўриб чиқиш ва фаолиятлари самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар олдик», — деди Норматов.

«Президентимиз республикамизда газдан фойдаланиш, умуман, энергия тизимининг самарадорлигини қайтадан кўриб чиқиш кераклигини, максимал даражада Ўзбекистоннинг энергия мустақиллигини таъминлаш бўйича қанақа ишлар қилиниши кераклиги бўйича топшириқлар берди», — деди у.
Иқтисодиёт ва молия вазирининг нефть-газ масалалари бўйича ўринбосари Хуршид Мустафоевнинг маълум қилишича, президентга шунингдек «Ўзбекнефтгаз» ва газ қазиб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналарнинг молиявий ҳолати ҳамда ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бўйича тақдимот ўтказилган.
Мустафаевнинг айтишича, йиғилишда газ қазиб чиқариш, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва корхоналарнинг молиявий кўрсаткичлари таҳлил қилинган.
«Табиий газ ҳажмини янада кўпайтириш, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархини пасайтириш, дебитор-кредитор қарздорликларни қисқартириш, корхоналарнинг даромадларини ошириш ҳамда трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилди», — деди Мустафоев.
2021 йил август ойида президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда тақдим этилган маълумотларга кўра, «Ўзбекнефтгаз» тасарруфида жорий газ захираларининг 50 фоизи ёки 934,1 млрд куб метр газга эга 111 та кон бўлган. Ўша пайтда «Лукойл» компанияси 413,1 млрд куб метр (22,1%) захирага эга конларда фаолият юритган. Шунингдек, Uz-Kor Gas Chemical — 109,6 млрд куб метр (5,9%), Surhan Gas Chemical — 106,6 млрд куб метр (5,8%), Jizzakh Petroleum (ҳозирги Sanoat Energetika Guruhi, SEG) эса 84,9 млрд куб метр (4,5%) газ захираларига эга конларда ишлаган.
Шундан бери мамлакатда газ қазиб чиқариш ҳажми камайиб борди. Агар 2021 йилда ишлаб чиқариш 53,8 млрд куб метрни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунида бу кўрсаткич 42,3 млрд куб метрга тушиб, 21,3 фоизга (11,5 млрд куб метрга) камайган.
«Ўзбекнефтгаз» компанияси ўтган йил якунлари бўйича 25,2 млрд кубометр газ қазиб олди, бу прогнозлардан паст. 2026−2027 йилларда барқарор қазиш ҳажмини сақлаб қолиш, шунингдек, газ захиралари ва қайта ишлашни кўпайтириш кўзда тутилган.
Аввалроқ Gazeta табиий газ қазиб олиш бўйича расмий маълумотлардаги тафовутларга эътибор қаратган эди. Саноат ишлаб чиқариши ҳисоботида 2025 йил якунига кўра мамлакатда 42,3 млрд куб метр газ қазиб олингани қайд этилган. Бу2024 йилга нисбатан 1 млрд куб метрга ёки 2,4 фоизга кўп (2024 йилда 41,3 млрд куб метр).
Бироқ 2024 йил учун эълон қилинган дастлабкистатистикадагаз қазиб олиш ҳажми44,6 млрд куб метрдеб кўрсатилган эди. Шу тариқа, 2024 йил бўйича маълумотларнинг турли версиялари ўртасидаги фарқ 3,3 млрд куб метрни, ёки йиллик қазиб чиқариш ҳажмининг тахминан 8 фоизини ташкил этган. Бу эса тахминан бир ой давомида қазиб чиқариладиган газ ҳажмига тенг.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.