Махсус операция Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилди. Марҳамат туманидаги савдо мажмуасида 35 ёшли эркак шартли харидорга 900 қути Keto coffee mix маҳсулотини 6 миллион сўмга сотгани аниқланиб, қўлга олинди.
Кейинги тезкор тадбирлар давомида товар манбаи ҳам аниқланди. Андижон шаҳридаги «Жаҳон савдо комплекси»да жойлашган дўконда 39 ёшли аёлга тегишли савдо нуқтасидан яна 480 қути шундай маҳсулот топилиб, мусодара қилинди.
Жами 11 килограммдан ортиқ Keto coffee mix ноқонуний муомаладан олинди. Экспертиза натижаларига кўра, маҳсулот таркибида Ўзбекистон ҳудудида айланиши тақиқланган сибутрамин моддаси мавжуд экани тасдиқланган. Ушбу моддани сақлаш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни бундай маҳсулотлар ноқонуний айланмаси ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Мурожаатлар махфийлиги кафолатланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.