АҚШнинг Атланта шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда конголиклар ҳисобни тезкор гол билан очишди. Жамоа ҳужумчиси Брайан Сипенг ўйиннинг дастлабки дақиқаларида рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Шундан сўнг ташаббусни қўлга олган Англия терма жамоаси учрашувнинг сўнгги қисмида вазиятни ўзгартира олди. Жамоа сардори Ҳарри Кейн икки бор аниқ зарба йўллаб, ўз жамоасига 2:1 ҳисобида ғалаба келтирди.
Мазкур дубль орқали Кейн турнирдаги голлари сонини бештага етказди. Бу кўрсаткич бўйича у Норвегия ҳужумчиси Эрлинг Холанд билан тенглашди. Тўпурарлар рўйхатида эса фақат Аргентина ва Франция терма жамоалари етакчилари — Лионель Месси ҳамда Килиан Мбаппе олдинда бормоқда.
Ушбу натижа Англия терма жамоасига Жаҳон чемпионати 1/8 финали йўлланмасини тақдим этди. Кейинги босқичда инглизлар Мексика терма жамоасига қарши майдонга тушади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.