Ўзбекистон йил охиригача суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни 606 минг тоннага етказади

Ўзбекистон йил охиригача суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни 606 минг тоннага етказади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нефть-газ бозорида барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт ва аҳолини углеводород ресурслари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Йиғилишда ишлаб чиқариш қувватлари ва аҳоли эҳтиёжларининг ортиши табиий газ ҳамда нефть маҳсулотларига талабни кўпайтираётгани қайд этилди. Шу муносабат билан мавсумий эҳтиёжларни олдиндан ҳисобга олиш, зарур захираларни шакллантириш ва нархларнинг асоссиз ошишига йўл қўймаслик вазифаси қўйилди.

Нефть ва газни қазиб олиш, импорт қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда етказиб бериш масалалари кўриб чиқилди. Масъул тузилмаларга ҳудудлар ва тармоқларнинг эҳтиёжларини аниқ ҳисоблаш, ички бозорни устувор равишда таъминлаш ва етказиб бериш жадвалларига риоя қилиш топширилди.

Август ойида Ўзбекистонда 27 та янги қудуқни ишга тушириш режалаштирилган. «Янги Қўлтак», «Ниёз», «Қоратоғ», «Марварид» ва «Тегирмон» конларидаги ишлар ҳисобига қўшимча 887 минг куб метр табиий газ қазиб олиниши кутилмоқда.

Президент қудуқларни бурғилашдан тортиб, уларни газ транспорт тизимига улашгача бўлган барча жараёнларни ҳар куни назорат қилишни топширди. Электр таъминоти ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг узлуксиз ишлашига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Нархлар барқарорлигини таъминлаш учун ички бозорда етарли таклиф ҳажмини шакллантириш вазифаси қўйилди. Маҳсулотларни талабни ҳисобга олган ҳолда биржа савдоларига чиқариш ҳамда ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини камайтириш белгиланди.

Шунингдек, етказиб беришни асоссиз чеклаш, сунъий тақчиллик юзага келтириш ва нархларни сунъий оширишга қаратилган ҳаракатларга йўл қўймаслик топширилди.

«Ўзбекнефтегаз» олдига йил охиригача суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини аввал режалаштирилган 520 минг тоннадан 606 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.

Масъулларга ички бозор эҳтиёжларини ҳар куни таҳлил қилиш, таъминотдаги эҳтимолий хавфларни олдиндан аниқлаш ва узилишларнинг олдини олиш учун тезкор чоралар кўриш топширилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.