Омбудсман идорасига ярим йилда деярли 10,5 мингта мурожаат келиб тушди

Омбудсман идорасига ярим йилда деярли 10,5 мингта мурожаат келиб тушди

2026 йилнинг биринчи ярмида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) идорасига Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, бошқа мамлакатлар омбудсманлари, жамоат ташкилотлари ҳамда юридик шахслардан 10 468 та мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Тaққослаш учун, ўтган йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар сони 9800 тани ташкил этган эди (ўсиш — қарийб 7%).

Жами мурожаатларнинг 28,4 фоизи иқтисодий, 21,8 фоизи ижтимоий, 21,7 фоизи эса шахсий ҳуқуқларга тегишли бўлган. Мурожаатларнинг 12 фоизи ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни ушлаб туриш масалалари, 7,7 фоизи хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, 0,7 фоизи экологик ҳуқуқлар ҳамда 7,7 фоизи бошқа масалалар билан боғлиқ бўлган. 12 та мурожаат эса аноним тарзда келиб тушган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш ва мониторинглар натижалари бўйича давлат органлари ва судларга Омбудсманнинг 70 та таъсир чораси киритилди: 27 та даъво аризаси, 18 та хулоса, 17 та тақдимнома, 7 та талабнома ва 1 та огоҳлантириш. 12 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилди.

Мурожаатлар бўйича омбудсман кўмагида фуқаролар фойдасига ундирилган ва ундирилиши белгиланган пул маблағларининг умумий суммаси 26,849 млрд сўмни ташкил этди. Ушбу сумманинг деярли барчаси — 25,937 млрд сўми иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ. Ўтган йилнинг шу даврида 100 та таъсир ҳужжати киритилган бўлиб, фуқаролар манфаатлари учун 3,8 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилган эди.

Фуқаролар олдидаги қарздорлик, соғлиққа етказилган зарар, моддий ва маънавий зарар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида келиб чиққан ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида фуқаролар фойдасига 304,6 млн сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.

Омбудсман сўровлари асосида, шунингдек, хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 435,9 млн сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланди.

Фуқароларнинг 171,2 млн сўмдан ортиқ асоссиз қарздорликлари ҳисобдан чиқарилиши таъминланди. Бундан ташқари, 4 нафар фуқаронинг ер участкаларига қўйилган тақиқлар олиб ташланди.

Инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган 14 нафар масъул ходим интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, жумладан уларга ҳайфсан эълон қилинди, жарималар қўлланилди ва эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Зўравонликдан жабр кўрган 8 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари берилди, зўравонлик содир этган 5 нафар шахсга нисбатан эса ички ишлар органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.

Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни ушлаб туриш жойларига 521 та мониторинг ташрифи амалга оширилди. Деярли 4 000 нафар шахс билан жамоавий, 1751 нафар шахс билан эса холиона учрашув ва суҳбатлар ўтказилди. Аниқланган камчиликлар бўйича вазирлик ва идораларга 23 та таъсир чораси — 10 та тақдимнома, 7 та талабнома ва 6 та хулоса киритилди.

13-сонли колониянинг интизомий бўлинмаси ва қисқа муддатли учрашувлар хонасини таъмирлаш учун 260 млн сўм, шунингдек, Тошкент вилоятининг Бекобод, Чирчиқ ва Нурафшон шаҳарлари вақтинча ушлаб туриш ҳибсхоналаридаги камчиликларни бартараф этиш учун 212,6 млн сўм ажратилиши белгиланди. Бундан ташқари, Андижон вилоятида маъмурий қамоққа олинган 360 нафар шахсни сақлашга мўлжалланган қўшимча махсус қабулхона қурилиши назарда тутилган.

Ярим йил давомида омбудсман идорасига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва адвокатларидан 1 227 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 212 таси ёки 17,3 фоизи ёпиқ муассасаларда ушлаб турилган шахсларнинг ўзлари томонидан юборилган. Мурожаатларнинг асосий қисми суриштирув ва дастлабки тергов, суд ҳукмлари, жазони енгиллаштириш ёки муддатидан илгари озод қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларга оид бўлган.

Суриштирув ва дастлабки тергов жараёнидаги ҳаракатлар бўйича келиб тушган шикоятлар юзасидан прокуратура органлари томонидан текширувлар ўтказилди. Жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақидаги 5 та қарор бевақт қабул қилинганлиги аниқланиб, улар бекор қилинди. 12 та ҳолатда ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари ўтказилди. Бир ҳолатда эса ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатлари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.