Давлат раҳбари бу ҳақда Урганч халқаро аэропортини Хива билан боғлаган янги темирйўл тармоғи билан танишиш чоғида айтиб ўтди. Вилоят фаоллари билан мулоқотда президент қишлоқ хўжалиги, аҳоли даромадлари, инвестициялар ва туризм масалаларига тўхталди.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Хоразмда 91 минг киши камбағалликда яшайди, 39 мингга яқин аҳоли ишсиз, яна 102 минг киши хорижда бўлиб турибди.
«Мен бир нарсани айтмоқчиман. 100 йил пахта қашшоқлигини қилдирган. Мана кеча телевизорда қишлоқ хўжалиги вазири чиқяпти. Бу йил пахта 50 центнердан кам бўлмайди, 4,5 миллион бўлади, деяпти. Демак, пахтани ҳам фойда билан етиштириш мумкин экан. Етарлича манфаатдорлик, маблағ, даромад ва илм бўлса», — деди президент.
У, шунингдек, ҳудуддаги ғалла ҳосилдорлигига ҳам эътибор қаратди.
«Мана Хоразмда ғалла 100 центнер бўлди. Қачон ишлаган пайтларингиз 100 центнер бўлган? Хоразмда 91 минг киши камбағалликда, 39 минг киши ишсиз, 102 минг киши чет элда юрибди. Йил якунигача камбағал ҳам, ишсиз ҳам қолмаслиги учун мен қилиб бераман», — деди давлат раҳбари.
«Нимага мен буни айтяпман? Бунинг учун иқтисодиётни тушуниш керак. Мана шуни инфляция деймиз, мен буларга жайдари тилда тушунтираман. Инфляция нима дегани? Инфляция — бу камбағалга солинган солиқ. Агар инфляцияни жиловламасак, озиқ-овқат маҳсулотини кўпайтирмасак, камбағал одам олган гўшти икки баравар қиммат бўлади», — дея тушунтирди у.
Президент инфляцияни жиловлашни мутасаддилар олдига қўйилган асосий вазифалардан бири деб атади.
«Нима учун Хоразмни намунали ҳудудга айлантирмаслигимиз керак? Йил охиригача бу ерда тажриба ўтказамиз», — деди у.
Президент, шунингдек, жорий йилда вилоятга 2,5 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб этиш режалаштирилгани ҳақида ахборот берилганини айтди. Инвестициялар оқимини узлуксиз таъминлаш учун у Хоразмда лойиҳа офисини ташкил этиш топшириғини берди. Ҳар бир лойиҳа бўйича Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва вилоят вакиллари алоҳида ишлайди.
«Қушнинг икки қаноти бор: камбағаллик ва ишсизлик ҳамда инвестициялар. Агар ушбу икки йўналиш ўртасида мувозанат таъминланса, бир-икки йилдан кейин Хоразм мутлақо бошқача вилоятга айланади. Бугун мен: уни намунага айлантиринглар, дедим. Сенат раҳбариятига айтдим, ҳаммага етказинглар, қаранглар, Хоразмда нималар қилишяпти», — дея таъкидлади у.
«Нимага Хоразмда шунча ўзгаришлар қилганман? Армонларим бор эди. Жалолиддин Мангубердининг ҳайкалини қилиш менинг армоним эди. Ҳозир Ўзбекистонда телевизорда кўрсатади-ку, юрагим жиз этиб кетади», — деди давлат раҳбари.
Ҳукумат баҳолашига кўра, бугунги кунда Хоразмга ташриф буюраётган туристлар сони 2,5 миллионга етган, йил якунига қадар эса бу кўрсаткич 3 миллионга етиши кутилмоқда.
У, шунингдек, туризмни ривожлантиришни аэропорт, темир йўл қатнови ва бошқа транспорт инфратузилмаси интеграцияси билан боғлади.
«Нима учун Хоразмга берди? Нимага десангиз, вокзал билан, темирйўл билан, аеропортни бир қилганим нима учун? Туризмдан халқни бой қиламан. Нимага биз ота-бобомиз қуриб кетган Хивани мулк қилмаймиз? Бугунги режаларимизни, мана бугун ҳам катта-катта лойиҳаларни очяпмиз, катта-катта лойиҳаларга старт беряпмиз. Вақт-соати келди, энди қўшимча қиймат қилиш керак. Қўшимча қиймат нима дегани? Бу — даромад», — деди Шавкат Мирзиёев.

Йўналишда Хитойда ишлаб чиқарилган, сиғими 400 нафарга яқин йўловчига мўлжалланган ва максимал тезлиги соатига 160 км гача бўлган олти вагонли CR200J электр поезди ишга туширилмоқда. Бу Ўзбекистонда аэропортни тўғридан-тўғри темирйўл тармоғи билан боғлайдиган биринчи лойиҳадир.
Июль ойида президент ҳудудлар раҳбарларини инфляция ваъда қилинган 3 фоиздан юқори бўлгани учун танқид қилган эди. У алоҳида равишда чорва моллари сони бўйича ошириб кўрсатилган маълумотларга тўхталиб, гўшт балансини қайта кўриб чиқиш, импортни йўлга қўйиш ҳамда йил охиригача 100 минг бош йирик шохли қорамол ва 150 минг бош қўй ва эчки олиб келишни топширган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.