Ҳокимлик матбуот хизмати хабарига кўра, «Тошкент 2030» ривожланиш дастури бўйича ягона ёндашувни шакллантириш, шаҳар бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва стратегик ташаббусларни амалга ошириш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинган.
«Стратегик қарорларни аниқ лойиҳаларга қандай татбиқ этиш ва уларнинг натижаларини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади хабарда.

Ҳокимлик ва компания кадрларни, жумладан, бошқарув кадрларини ўқитиш, тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини ишлаб чиқишга келишиб олди. Режадаги ҳамкорлик доирасида шаҳар хизматлари ходимларини ўқитиш жараёнига McKinsey & Company мутахассисларини жалб этиш кўзда тутилмоқда.
«Гап шунчаки консалтинг компаниясини ёллаш ҳақида эмас, балки стратегик шериклик ҳақида кетаётгани принципиал жиҳатдан муҳим. McKinsey компаниясининг катта халқаро тажрибаси ва муваффақиятли кейслари Тошкентни ривожлантириш учун фойдали бўлиши мумкин. Пойтахт ва унинг аҳолиси учун бу қадам катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин», — дея изоҳ берди Gazeta’га ҳокимлик матбуот хизмати.
McKinsey & Company — стратегик ва бошқарув консалтинги соҳасидаги халқаро компания бўлиб, 1926 йилда АҚШда ташкил этилган. Компания давлат тузилмалари, халқаро корпорациялар ва молия институтларига узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш, бошқарувни такомиллаштириш, рақамли трансформация, сунъий интеллектни жорий этиш, операцион самарадорликни ошириш ва кадрларни ривожлантириш масалаларида маслаҳат бериб келади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.