«Сиз, азизларни Янги Ўзбекистон тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд юксак пахта хирмони бунёд этиб, рекорд натижага эришганингиз билан самимий муборакбод этаман», — дея бошлаган давлат раҳбари табрикни.
Табрикда таъкидланишича, охирги йилларда тизимли ислоҳотлар доирасида чигит экиладиган майдонлар 38 фоизга қисқартирилиб, пахта монополияси ҳамда мажбурий меҳнатга тўлиқ чек қўйилди. Соҳага илм-фан ютуқлари ва замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши ҳосилдорликни 2,7 бараварга ошириш имконини берди.
Собиқ совет даврида 2 миллион гектарга яқин ерга чигит экилиб, ҳосилдорлик 30 центнердан ошмаган бўлса, 2000 йилда 1,4 миллион гектардан 3 миллион тонна ҳосил олинган эди. Жорий йилда эса мамлакат бўйича ўртача ҳосилдорлик 21 центнердан 56 центнерга етди.
Сув тежовчи технологияларнинг кенг қўлланиши эвазига сув сарфи 1990 йилларга нисбатан 2 бараварга камайди. Экиш схемаларининг ўзгартирилгани, кўчат сонининг 2−3 бараварга оширилгани ҳамда зараркунандаларга чидамли янги биотехнологик навларнинг жорий этилиши натижасида 400 минг гектарга яқин майдонда ўртача ҳосилдорлик 70 центнерни, салкам 70 минг гектарда эса 100−110 центнерни ташкил этди.
«„Ўз“ деган эзгу ғоямиз замирида мужассам бўлган ўз ишимиз, ўз сўзимиз, ўз ғалабамизга ишонч руҳи билан олға қараб боришдан ҳеч қачон тўхтамаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Мавсум давомида 1 мингга яқин фермер хўжалиги ва кластерлар 100 центнерлик маррани эгаллади. Хусусан, 4 мингдан ортиқ фермерлар ҳосилдорликни 60−70 центнердан, 2,5 минг нафари эса 80 центнердан оширди. Пахтакор туманидаги Анорбой Эшматов ва Жарқўрғон туманидаги Улуғбек Сопиев ҳар гектардан 110 центнердан ҳосил олиб, мутлақ рекорд ўрнатди.
Мингбулоқдаги «Бургут полвон», Навбаҳордаги «Яҳё бобо», Боёвутдаги «Боёвутлик Ҳумоюн», Бекободдаги «Отабек Зилола», Оққўрғондаги «Мурод», Гурландаги «Ихлосбек», Ҳазораспдаги «Якуб Анназар» ва Тупроққалъадаги «Гулчарос Муниса» фермер хўжаликлари ҳам 100 центнердан юқори кўрсаткичга эришди.
Вилоятлар кесимида Жиззах, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Сирдарёда ҳосилдорлик 60 центнердан ошди. Оғир экологик ҳудуд ҳисобланган Қорақалпоғистонда ҳосилдорлик 10−15 центнерга ортиб, 400 минг тоннадан ортиқ хирмон барпо этилди.
Туманлар бўйича энг йирик пахта хирмонини Косон тумани (110 минг тонна) яратди. Шунингдек, Миришкор (105 минг), Касби (95 минг), Нишон (90 минг), Мирзачўл (85 минг) ва Мирзаобод (81 минг тонна) туманлари энг юқори ҳажмларни топширди. Аёллар раҳбарлик қилаётган Олот ва Бўстон туманларида ўртача ҳосилдорлик 55−60 центнерга етказилди.
Бу йилги ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш машиналари ёрдамида 30−35 кун ичида териб олинди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида терим жараёни 100 фоиз тўлиқ механизациялаштирилди. Пахтачилик кенгаши фаолияти, рақамлаштириш ва агродронлардан фойдаланиш харажатларни икки бараварга камайтириш имконини берди.
Молиявий кўрсаткичларга кўра, жорий йилда фермер хўжаликлари пахтадан 13−14 триллион сўм атрофида соф фойда олиши кутилмоқда. Шунингдек, яқинда Тошкентда ўтказилган Халқаро пахта кунида 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари Бутунжаҳон пахтачилик марказини айнан Ўзбекистонда ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Келгуси йилда серҳосил уруғлик навлари, агродронлар, сув-энергия тежовчи технологиялар ва сунъий интеллект тизимларини кенг қўллаш орқали мамлакат бўйича ўртача ҳосилдорликни 65−70 центнерга етказиш вазифаси белгиланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.