Шахмат. Гукеш Синдаровнинг кучли томонларини эътироф этди ва ўз устунлигини айтди

Шахмат. Гукеш Синдаровнинг кучли томонларини эътироф этди ва ўз устунлигини айтди

Шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаровнинг ўйинга бўлган муносабати ҳақида фикр билдирди.

Ҳиндистонлик шахматчи беш карра жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд ҳамда ChessBase India журналисти Сагар Шаҳ билан суҳбатда Синдаровнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шахматдан чин дилдан завқ олиши эканини таъкидлади.

«Синдаровдан ўрганган жиҳатларимдан бири — у шахмат ўйнаётганида жуда бахтли кўринади. Шу билан бирга, бошқа қизиқарли ишлар билан ҳам шуғулланади. Ўйлашимча, бу менга ҳам илҳом беради», — деди Гукеш.

Жаҳон чемпиони сўнгги пайтларда юқори натижаларга эришиш йўлида босим ва катта умидлар унга қийинчилик туғдираётганини тан олди. Шу боис у энди нафақат шахматдан, балки ҳаётдан ҳам кўпроқ завқ олишга, ҳар бир кунни бахтли ўтказишга интилаётганини билдирди.

Гукеш бўлажак рақиби Синдаровни ҳар томонлама етук шахматчи сифатида баҳолади. Унинг фикрича, ҳар икки гроссмейстернинг ўзига хос устун жиҳатлари мавжуд.

Шу билан бирга, ҳиндистонлик шахматчи жаҳон чемпионлиги учун ўтказиладиган матчда аввал ҳам қатнашгани ва элита даражасида узоқроқ вақт ўйнаганини ўзининг устунлиги деб ҳисоблашини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Гукеш ва Жавоҳир Синдаров ўртасидаги жаҳон чемпионлиги учун матчнинг биринчи партияси 24 ноябрь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказилиши белгиланган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.