Парламент қуйи палатаси Ўзбекистоннинг Россияга қарши санкцияларга қўшилиши ҳақидаги хабарга изоҳ берди

Парламент қуйи палатаси Ўзбекистоннинг Россияга қарши санкцияларга қўшилиши ҳақидаги хабарга изоҳ берди

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси санкциялар остидаги жисмоний ва юридик шахсларга республикада банк операцияларини амалга оширишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Аввалроқ, Халқаро Пресс клуб Матбуот хизмати Ўзбекистон ҳукумати Россияга қарши молиявий санкцияларга қўшилишга қарор қилгани, бу бўйича Ўзбекистон ҳукумати 11 мингдан ортиқ фуқаро ва компанияларни ўз ичига олган Россияга қарши санкцияларга амалда қўшилиш ҳақида қарор қабул қилгани ҳақида хабар бергандик.

Қайд этилишича, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2024 йил 13 февралдаги мажлисида “Иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқариш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилган.

Бугунги кунда турли давлатлар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари томонидан иқтисодий санкциялар қўлланилиши халқаро иқтисодий муносабатларда ҳозирги замон воқелигига айланди.

Бироқ, Ўзбекистоннинг миллий қонунчилигида кредит ва тўлов ташкилотлари фаолиятида иккиламчи иқтисодий санкцияларнинг қўлланилиши билан боғлиқ хатарларни тартибга солиш ва назорат қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас.

Бундай шароитда ушбу хатарларни ҳар бир кредит ва тўлов ташкилоти ўзининг эҳтиёж ва қарашларидан келиб чиқиб белгиламоқда, ўзи маъқул кўрган даража ва кўламларда мижозларга чекловлар қўймоқда. Бундай ҳолатлар банк ҳисобварақлари очиш ва банк операцияларини амалга оширишда Ўзбекистон резидентлари ва норезидентларига нисбатан субъектив ёндошувларга ҳамда мижозларнинг қонуний ҳуқуқларининг бузилишига олиб келмоқда.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида кредит ташкилотлари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторларининг иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришига оид ягона талабларни белгилаш ваколатини Ўзбекистон Марказий банкига бериш назарда тутилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.