Коррупцияга қарши курашишда Европа амалиётлари Ўзбекистонда жорий этилиши мумкин

Коррупцияга қарши курашишда Европа амалиётлари Ўзбекистонда жорий этилиши мумкин

8−12 июль кунлари Латвиянинг Рига шаҳрида комплаенс ва коррупцияга қарши сиёсат бўйича ёзги мактаб бўлиб ўтди. Дастурда Ўзбекистон ва Латвия давлат идораларининг 20 нафар комплаенс бўйича мутахассиси иштирок этди, деб хабар берди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати.

Иштирокчилар хизмат этикаси, комплаенс, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ҳисобдорликни таъминлаш ва давлат мулкини бошқариш бўйича тренингдан ўтди.

Лиепаядаги сайёр сессия доирасида улар махсус иқтисодий зона, божхона хизмати ва Жанубий Курземе муниципалитети фаолиятидаги коррупцияга қарши чоралар билан танишди.

Дастур Латвия Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюросига (KNAB) ташриф билан якунланди, у ерда ички назорат ва коррупцияга қарши қонунни қўллаш масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, Юрмала муниципалитети вакиллари билан расмий учрашув бўлиб ўтди.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистон делегацияси Литвага ҳам ташриф буюрди. Виьлнюсда 11 июль куни Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Литва махсус тергов хизмати ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни, шу жумладан, тажриба алмашиш, стажировка ўташ, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва Ўзбекистонда Европа амалиётини жорий этишни назарда тутади.

Ёзги мактаб «Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш — коррупциянинг инклюзив олдини олиш» лойиҳаси доирасида Transparency International Latvia (DELNA) томонидан ташкил этилди. Лойиҳа Европа Иттифоқи, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида Латвия Марказий молия ва шартномалар агентлиги ҳамда Regional Dialogue ташкилоти иштирокида амалга оширилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.