Макроиқтисодиёт ва ҳудудий тадқиқотлар институти бошланғич синфларда бепул овқатланиш болалар давомати ва саломатлигига қандай таъсир қилишини ўрганди.
Сўров натижаларига кўра, 2022-2023 йилларда мактабларда бепул овқатланиш дастурининг амалга оширилиши қониқарли деб топилган.
Бундан ташқари, Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган Ўзбекистонда болалар фаровонлиги индексини баҳолаш бўйича МҲТИ лойиҳаси доирасида социологик сўров ўтказилди, унда республиканинг барча ҳудудларидан 2000 дан ортиқ хонадон ва 3000 дан ортиқ болалар иштирок этди. Сўров натижалари мактабда бепул овқатланиш дастурининг ўқувчилар давоматди билан боғлиқлигини аниқлаш имконини берди.
Мактабларда бепул овқатланиш бошланғич синф ўқувчиларининг давоматига қандай таъсир қилишини баҳолаш учун «Propensity score matching» (PSC) моделидан фойдаланилди. Ушбу модел тажриба тариқасида бепул тушлик дастури қўлланилаётган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) ва назорат ҳудудларида (республиканинг бошқа 12 та ҳудудлари) таққослаш учун бир-бирига ўхшаш хусусиятларга эга уй хўжаликларини аниқлаб беради. Ушбу икки гуруҳдаги мактабларда давомат даражаси т-тест бўйича таққосланганда бепул тушлик мактабга қатнаш даражасини 8 фоизга ошириши аниқланди.
Бундан ташқари, уй шароитида мунтазам равишда нонушта қилиш ва витаминлар, макро ва микроэлементларга бой озиқ-овқатлар, сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш каби соғлом овқатланиш одати нафақат болалар саломатлигини яхшилаши, балки мактабда дарсларни яхшироқ ўзлаштириш учун ҳам хизмат қилиши маълум.
Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлари ва тажриба ҳудудлари тажрибасини ўрганиб, МҲТИ мутахассислари бир қанча тавсиялар беришди:
— ҳар бир ҳудуднинг турмуш шароитидан келиб чиққан ҳолда бошланғич синфлар учун мактабда бепул овқатланиш рационини қайта кўриб чиқиш;
— барча мактабларда ошхона ёки овқатланиш жойи ташкил этиш, ўқувчиларни (1-4-синфлар) кунига камида бир марта бепул иссиқ овқат билан таъминлаш;
- таомлар калорияси, таркиби ва оғирлиги бўйича стандартларга жавоб бериши керак. Рационда макро-микроэлементлар, витаминлар, целлюлозага бой ва биологик фаол моддалар билан бойитилган озиқ-овқатлар, шунингдек, чекланган миқдордаги ёғ, шакар ва туз бўлган овқатлар бўлиши керак;
— мактаб овқатланиш рационига сут ва сут маҳсулотларини киритиш, бунинг натижасида ҳар бир боланинг камида уч йил давомида бўйи ва вазни ошиши, болаларда касалликка чалиниш ҳолатлари ва моддалар алмашинувининг бузилиши камайиши;
— мактабда овқатланиш дастури болаларни микроэлементлар ва витаминлар билан бойитилган экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш орқали маҳаллий қишлоқ хўжалигини, озиқ-овқат ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантириши;
— мактабларда бепул овқатланиш сифатини баҳолашнинг онлайн электрон платформасини яратиш, бу орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш ва мунтазам мониторинг олиб бориш зарур;
— Ўзбекистонда мактабларда бепул овқатланиш қамровини кенгайтириш ва дастурни молиялаштириш учун донорлар, ҳам миллий хусусий сектор, ҳам халқаро ташкилотлар жалб этилиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида болалар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 77 фоизи вақти-вақти билан ёнғоқ, майиз, қуритилган ўрик, сабзавот ва мевалар (республиканинг бошқа ҳудудларида – 88 фоиз) истеъмол қилиши маълум бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида болаларнинг 61 фоизи, бошқа вилоятларда эса 73 фоизи ҳар куни гўшт истеъмол қилади. Хоразм вилоятидаги мактабларнинг 75 фоизи, Қорақалпоғистон мактабларининг 53 фоизи мактаб ошхонаси ёки буфетига эга.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.