Болаларга зўравонлик, жинсий тарбия, педофилларга ўлим жазоси: БМТ бош котибининг махсус вакили билан интервью

Болаларга зўравонлик, жинсий тарбия, педофилларга ўлим жазоси: БМТ бош котибининг махсус вакили билан интервью

БМТ бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маала 6−11 апрель кунлари Тошкентда бўлди. У сафар давомида мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ички ишлар, Адлия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди.

Нажат Маала 10 апрель куни «Ўзбекистон 24» телеканали, Ўзбекистон Миллий агентлиги (ЎзА) ҳамда «Газета.uz» журналистларига интервью берди. «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов БМТ бош котибининг вакили Нажат Мааладан бир қатор саволларга жавоб олди.

— Маала хоним, Тошкентга хуш келибсиз. Ўзбекистонга қандай мақсад ва режалар билан ташриф буюрганингиз биз учун қизиқ. Суҳбат аввалида шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.


— Мамлакатингиз сиёсий кун тартибида болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигига қай даражада устувор аҳамият берилаётгани билан яқиндан танишиш, таҳлил қилиш ва умумий таассуротга эга бўлиш мақсадида келдим. Ташриф мобайнида Ўзбекистон раҳбари билан учрашдим ва бу жуда таъсирли кечди. У кишини бола ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган президент, деб ҳисоблайман. Бу ҳақда унинг ўзига ҳам очиқ айтдим.

Шунингдек, бир қатор давлат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашдим. Мен учун уларни эшитиш, бу жараёнга жалб этилганига ишонч ҳосил қилиш жуда-жуда муҳим. Чунки болаларни ҳимоя қилиш масаласи фақат ижтимоий соҳага тегишли эмас, у адлия, соғлиқни сақлаш, таълим, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимоя ва ҳоказо тармоқлар аро ёндашувни ҳам талаб этади.

Бундан ташқари, бу масала марказий даражадан ташқари, ҳудудий — вилоят, туман ва маҳалла миқёсида ҳам муҳокама қилиниши, одамлар бирлашган ҳолда ҳаракат қилиши зарур.

Болаларга зўравонлик, жинсий тарбия, педофилларга ўлим жазоси: БМТ бош котибининг махсус вакили билан интервью
Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ахборот хизмати

Шуни ҳам қайд этишим керакки, болаларни ҳимоя қилишга қаратилган инвестиция — келажакка инвестиция сифатида баҳоланиши лозим. Қоғоздаги дастурларнинг ўзи етарли эмас, уларни амалиётга қай даражада татбиқ этилиши муҳим: маҳаллий даражада болалар ва ота-оналар учун ҳақиқий хизматлар занжирини яратиш зарур. Буни молиялаштириш учун эса тармоқлараро бюджетни шакллантириш керак.

Мамлакат тараққиётида бола ҳуқуқлари ва фаровонлигини, инсонни асосий ўринга қўйиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу орқали давлат иқтисодий ўсиш билан бир қаторда инсон капитали ва ижтимоий ҳамжиҳатликка ҳам эришади.

— 2024 йил ноябрида Ўзбекистонда «Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ва у яқин орада кучга киради. Иштирокингиздаги давра суҳбатлари ва учрашувларда ушбу қонун бир неча марта тилга олинди. Сизнингча, уни амалиётга татбиқ этиш жараёни қандай бўлиши керак?


— Зўравонлик ҳар қандай муҳитда — уй, мактаб, муассаса, кўча, интернет ва бошқа жойларда содир бўлиши мумкин. Сиз таъкидлаган қонунни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия, Ички ишлар, Таълим вазирликлари вакиллари билан муҳокама қилдик.

Ҳозирги асосий вазифа — қонунни амалиётга татбиқ этиш, хизматларни шакллантириш ва сарф-харажатларни аниқлашдир. Буни мамлакатдаги БМТ ваколатхонаси вакиллари билан ҳам яқиндан муҳокама қилиб, амалга ошириладиган жараёнларни кўзда тутилган натижалар, харажатлар, ҳар бир идоранинг вазифаси ҳамда маълум муддатга асосланган мақсадни аниқ белгилаб берувчи йўл харитаси мисолида кўриб чиқдик.

Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги муайян кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқаётганидан хабардорман. Эришилган натижаларни баҳолаш учун тегишли кўрсаткичлар жорий этилиши, ўз навбатида, уларни бюджет билан боғлаш ва бюджетни кузатиб бориш ҳам муҳим.

— Ташрифингиз мобайнида Ўзбекистон ўз тажрибасини бошқа давлатлар билан ўртоқлашиши кераклигини таъкидладингиз. Бу қай даражада муҳим?


— Ўзбекистонда юқори даражадаги сиёсий ирода ва ижтимоий ривожланиш мавжуд, 2030 йилгача бўлган мақсадлар ишлаб чиқилган.

Аммо ҳеч бир давлат болаларга нисбатан зўравонликка тўлиқ барҳам берган эмас, хусусан мамлакатингиз ҳам. Кўплаб чора-тадбирларга қарамай, бу муаммонинг ҳалигача кузатилаётганига сабаб фақатгина инқироз эмас, балки бу борадаги ёндашувимизга ҳам боғлиқ.

Шунинг учун ҳам бир-биримиздан ўрганишимиз, тажриба алмашишимиз, хатолардан ташқари бошқа мамлакатларнинг ютуқларидан ҳам сабоқ олишимиз зарур, назаримда.

— 9 апрель куни Тошкентда ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистоннинг Богота ҳаракатлар чақирувига қўшилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу чақирувга қўшилиш Ўзбекистонга нима беради?


— Назаримда, Ўзбекистон Богота ҳаракатлар чақирувига қўшилишга тайёр эди. Чақирувнинг мазмуни мамлакат қонунчилигида аллақачон мавжуд. Шундай экан, ортиқча куч сарфлашга ҳожат йўқ, сабаби Ўзбекистон ўз зиммасига мажбурият олди, яъни [соҳадаги вазиятни] ўзгартирмоқчи. Бу чақирувга қўшилиш — глобал ҳаракатнинг бир қисмига айланишни англатади.

Биз қутблашиб бораётган бугунги дунёда болалар қурбон қилинмаслигини таъминлаш учун Ўзбекистон сингари болалар манфаатларини ҳимоя қилувчи, инвестицияларга устуворлик берадиган мамлакатларга муҳтожмиз. Шунингдек, Богота ҳаракатлар чақируви орқали кўп томонлама ҳамкорликни ўрнатиш, ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш имконияти яратилади.

Болаларга зўравонлик, жинсий тарбия, педофилларга ўлим жазоси: БМТ бош котибининг махсус вакили билан интервью
Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ахборот хизмати

2024 йил кузида ўтказган халқаро конференцияимиз доирасида Глобал шериклик альянсини туздик, у 42 мамлакатни қамраб олади. Бу визуал шаклда билим ва тажриба алмашинувини кучайтиришга хизмат қилувчи платформа бўлиб, айни пайтда давлатлар, жамоалар, болалар, диний етакчилар, фуқаролик жамияти ва хусусий секторни ўзаро боғлайди. Ташаббуснинг бир қисми сифатида бошқаларни ҳам ҳаракатга келтиришингиз мумкин. Менимча, бу ҳозир ҳар қачонгидан ҳам зарур.

Болаларга нисбатан зўравонликнинг тўлови — ҳам инсоний, ҳам иқтисодий йўқотишлар шаклида — жуда катта бўлади. Зўравонликнинг бевосита ва билвосита зарари ЯИМнинг 11 фоизигача етиши мумкин. Баъзи мамлакатларда бу соғлиқни сақлаш соҳасига қилинадиган йиллик харажатлардан олти карра юқори даражага етиши мумкин. Шундай экан, бунга хайрия эмас, инвестиция сифатида қараш жуда муҳим. Чунки бу ижтимоий соҳанинг катта ўзаги ҳисобланади. Ўзбекистон илгари сураётган ижтимоий тараққиёт модели болаларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги зўравонликнинг олдини олиш ва унга барҳам беришнинг ажралмас қисмидир.

— Бир неча йил аввал Сенат раиси Танзила Норбоева боғчадан то олий таълим муассасасигача жинсий тарбиядан таълим берилиши зарурлиги ҳақида гапирган эди. Лекин бу таклиф жамиятнинг айрим аъзолари томонидан кескин танқидга учради. Сизнингча, болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашда жинсий тарбиянинг ўрни борми?


— Болага жинсий тарбия ва репродуктив саломатлик тўғрисида билим бериш муҳим аҳамиятга эга ва биз буни тўғри тушунишимиз керак. Кўплаб ижтимоий меъёрлар сабаб ҳозирги кунда бу борада жамиятингизда кескин қаршиликлар мавжуд. Лекин [таълим муассасаларида жинсий тарбиянинг жорий этилиши] тарғиб қилиш ёки эркинлик беришни англатмайди. Ҳозирги интернет ривожланган даврда болалар учун жинсий тарбия олишнинг ягона йўли ижтимоий тармоқлар бўлиб қолмоқда. Улар жинсий зўравонлик ҳақидаги материаллар, зўравонликка асосланган жинсий тарбияга дуч келиши, шубҳасиз. Шу боис болаларга тушунтириш ва уларнинг яхшироқ тушунишига ёрдам бериш керак.

Бугун Ўзбекистонда кибер-буллинг ва тенгдошлар ўртасидаги жинсий зўравонлик кенг тарқалган. Болаларга бунинг маъносини тушунтириш ва дунёда содир бўлаётган бундай аянчли ҳолатлардан сақланиш йўлларини ўргатиш зарур. Бундан ташқари, жинсий алоқа видеолари, жинсий таҳдидлар мавжуд ва буларни кўпинча болалар бошқа тенгдошларига нисбатан қўллайди. Шунинг учун жинсий тарбияни мактаб дастурига киритиш жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Менимча, болаларни бу масала бўйича хабардор қилиш ҳамда уларга ўзларини ҳимоя қилиш учун зарур билим ва кўникмаларни бериш жуда муҳим.

— Ўзбекистон аҳолиси орасида педофилларга ёки жинсий зўравонларга нисбатан ўлим жазоси берилишини талаб қилувчилар кўп. Бу айниқса, тармоқларда кенг муҳокама қилинади. Сизнингча, ўлим жазоси муносиб ечимми? Бундай жазо усулига муносабатингиз қандай?


— Мен ўлим жазосига қаршиман. Айни вақтда, биз ота, ака-ука, ўқитувчи каби ишончли одамлар ёки куч-қудратли ҳар қандай одам томонидан содир этилиши мумкин бўлган бу каби жиноятни ижтимоий меъёрлар ва дин билан оқлай олмаймиз. Буни оқлаб бўлмайди.

Жинсий зўравонликни содир этган одамлар жинояти учун жавоб бериши керак. Сизда кучли суд таъқиби ва қатъий жазо мавжуд бўлиши шарт. Одил судловнинг роли ҳам муҳим — суд жараёнини тезлаштириш ва болаларнинг тегишли ҳимоясини таъминлаш керак.

Болаларга нисбатан зўравонлик аёлларга бўлган зўравонлик ва гендер камситиш стереотипи билан боғлиқ. Шунинг учун калтаклаш ёки жинсий зўравонликни оқлаш учун диндан фойдалана олмаймиз.

Менимча, айнан шу сабабли болаларга мўлжалланган хабар бериш механизмини жорий этиш, диний ҳамжамиятни жалб қилиш ниҳоятда муҳим. Чунки кўплаб мусулмон мамлакатларида ажойиб мисоллар бор — бу жинсий таълим борасида ҳам қўллаб-қувватлаш ва хабардорликни оширишга хизмат қиляпти.

Демак, бунинг иложи бор ва ўйлайманки, Ўзбекистон бунинг уддасидан чиқади.

Болаларга зўравонлик, жинсий тарбия, педофилларга ўлим жазоси: БМТ бош котибининг махсус вакили билан интервью
Фото: Shahnoza_mirziyoyeva / Instagram

— Жамиятда фикрлар жуда тез тарқаладиган, ижтимоий тармоқлар фаол ишлаётган бугунги даврда одамларнинг онгини қандай ислоҳ қилиш мумкин?


— Бунинг учун, аввало, оилалар ва жамоаларни билим билан қуроллантириш керак. Одамларни пассив қабул қилувчи эмас, фаол ҳамкор сифатида кўриш керак, ҳатто болаларни ҳам. Болалар ва катталар ўртасидаги мулоқот, яъни авлодлараро мулоқотни ривожлантириш керак.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардан ҳам ижобий форматда фойдаланишимиз, турли усулларда хабардорлик кампанияларини олиб боришимиз лозим. Диний ва анъанавий етакчиларни жалб қилиш орқали уларнинг болаларни ҳимоя қилишга доир ижобий билим ва қадриятларини ҳам ишга солишимиз мумкин. Кўплаб мамлакатлар болалар ўртасидаги никоҳ, жинсий зўравонлик ва бошқа муаммоларга қарши курашишда шу усулдан фойдаланади.

Глобал альянслар ёки чақириқларга қўшилиш бир хил контекстга эга мамлакатларнинг ўзаро тажриба алмашишини ҳам англатади. Бу йўл кўп давлатларда самара берган, демак, бу имконсиз эмас. Шу билан бир пайтда жинсий зўравонлик жиноят эканлигини унутмаслигимиз, уни ҳеч қачон қабул қилмаслигимиз ва унга тоқатсизлик билан ёндашишимиз зарур. Чунки бу жиноятнинг қурбонлари — болалардир, улар ўзларини айбдор ҳис қилган тақдирда, бунинг жароҳатлари тузалмайди.

— Ўзбекистон аҳолисининг 35 фоизини болалар ташкил этади. Шундай экан, авлодлар ўртасидаги мулоқот ниҳоятда долзарб. Мамлакатда бу борада олиб борилаётган ишларни қандай баҳолайсиз? Нималарни тавсия қилган бўлардингиз?


— Ташриф чоғида Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари агентлиги, ННТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари билан ҳам учрашдим. Очиғини айтганда, бу борада қилинаётган ишлар етарли эмас. Авлодлараро мулоқотнинг ўзига хос меъёрлари бор. Сиз нафақат ёшларни, балки болаларни ҳам болаликдан хабардор қилишингиз керак. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш 15 ёки 18 ёшдан эмас, болаликдан бошланиши лозим.

Катталарнинг кўпчилиги болалар билан мулоқот қилишга тайёр эмас. Болаларга сўз берилса, улар ўз билганича иш тутиб, бебош бўлиб кетади, кейин уларни тарбиялаш қийин бўлади, деган қўрқувда яшайди. Аммо авлодлараро мулоқот жуда зарур.

Нима учун? Чунки бу болаларда танқидий фикрлашни шакллантиради. Яна бир жиҳат шуки, авлодлар ўртасидаги мулоқот, оила билан мулоқот, ижобий интизом воситасида ишонч яратилади. Шундагина бола яқинларига ўзига нисбатан қилинган таҳдид ёки зўравонлик ҳақида хабар бера олади. Ишонч бўлмаса, ҳеч қачон айтмайди. Бола ўзини хавфсиз ҳис қилиши, у билан нимадир содир бўлса, буни атрофидагиларга айтиши мумкинлигига ишончи комил бўлиши керак ва бу жуда муҳим, деб ўйлайман.

— Давлат раҳбари томонидан болалар зўравонлигига қарши олиб борилаётган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз? Бу борада тавсияларингиз бордир, балки?


Ўзбекистон тўғри йўлдан кетяпти. Бу йўлда энг муҳими — амалий натижага ўтиш. Президент ислоҳотларни бошлаб берди. Лекин шу билан бирга, прагматик раҳбар сифатида бу ислоҳотлар одамлар ҳаётида ўзгариш қилганини кўришни истайди. Қонунлар ва стратегиялар бор, бироқ ҳозирча қоғозда — галдаги энг асосий вазифа уларни амалга ошириш.

Ислоҳотлар аҳолига яқин, уларнинг эҳтиёжларига мос бўлиши зарур. Одамлар бу жараёнга нисбатан дахлдорликни ҳис қилишлари керак. Агар халқ дахлдорликни ҳис қилмаса, ислоҳот самара бермайди. Ижтимоий соҳа вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судьялар бирлашиб, тизимни яхшилаш учун ҳамкорликда ишлаши лозим.

Мен президент томонидан болаларнинг даври инобатга олинаётганини жуда қадрлайман. Чунки болаларнинг даври — сиёсатчиларнинг даври эмас. Ҳаракат керак — ҳозир ва шу ерда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.