Нодиржон Турғунов Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчиси бўлди

Нодиржон Турғунов Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчиси бўлди

Ўзбекистоннинг Иорданияга янги тайинланган элчиси Нодиржон Турғунов мамлакат ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар билан ишлаш вазирлиги бош котиби Мажид ал-Қатарнага ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди, дея хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Суҳбат чоғида сиёсий мулоқотни кенгайтириш истиқболлари, жумладан, турли даражадаги ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва қўшма тадбирлар, хусусан, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ва ҳукуматлараро комиссия мажлисларини ўтказиш хусусида сўз юритилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирди. Иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, сайёҳлик алмашинувини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқ дипломатиясини мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси сифатида Ўзбекистон ва Иордания пойтахтларида маданият кунларини ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 15 февралда ўрнатилган.

Маълумот учун, Нодиржон Турғунов бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги ва Баҳрайндаги элчиси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили ҳисобланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.