«Масалани ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда». ТИВ матбуот котиби БААдаги вазият ҳақида

«Масалани ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда». ТИВ матбуот котиби БААдаги вазият ҳақида

Ўзбекистон фуқаролари Бирлашган Араб Амирликларига киришда, хусусан, халқаро аэропортларда иммиграцион текширувлар узоқ давом этаётгани сабабли муаммоларга дуч келаётгани ҳақида ёзгандик. Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Ахрор Бурханов ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Унинг билдиришича, айрим ўзбекистонликлар БААга киришда узоқ вақт текширувлардан ўтаётгани ва терминал ҳудудида қолиб кетаётганига оид мурожаатлар дипломатик ваколатхоналарга келиб тушган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Абу Даби ва Дубай шаҳарларидаги элчихонаси ва бош консулхонаси томонидан вазият бўйича БААнинг иммиграция ҳамда бошқа идоралари билан музокаралар олиб борилмоқда.

«Ушбу музокаралар фуқароларимизнинг мамлакат ҳудудига имкон қадар тезроқ ва муаммосиз киришини таъминлашга қаратилган бўлиб, масалани жойида ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда», — дейилади муносабатда.

Шунингдек, текширувлар ва кечикишларга нима сабаб бўлаётгани аниқланмоқда. ТИВ бу орқали муаммонинг илдизини тушуниш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беришини билдирган.

Ҳозирда Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси вакиллари маҳаллий аэропортларда доимий асосда фуқароларга амалий ёрдам кўрсатаётгани қайд этилган. Фуқароларга сафарга чиқишдан олдин барча ҳужжатларини текшириб чиқиш ва зарур ҳолатларда элчихона ёки консулхона билан боғланиш тавсия этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Газета.uz» Дубайда исроиллик раввиннинг ўзбекистонликлар томонидан ўлдирилиши ортидан Абу Даби расмийлари кўп сонли ўзбекистонлик эркакларнинг мамлакатга киришини тақиқлаб, уларни қайтариб юборгани ҳақида ёзганди. Шунингдек, «Газета.uz» Абу Даби аэропортида ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга қайтишга мажбурланган эркаклар билан суҳбатлашганди. Март ойи охирида қотилликда айбдор деб топилган уч ўзбекистонлик БАА суди томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Апрель ойида эса ижтимоий тармоқларда Дубайда ўзбекистонликлардан иборат икки жиноий гуруҳ ўртасидаги тўқнашув оқибатида бир киши пичоқлангани, яна бири комага тушиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ўзбекистонлик дипломатлар Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашганди. Улар ушбу ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилиб, «сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги»ни таъкидлаганди.

Кейинроқ Ўзбекистон ТИВ БАА томонидан визасиз режим бекор қилингани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонлик футболчилар 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида 5 июнь куни БААга қарши сафарда ўйин ўтказади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.