Ҳайдар Алиев номидаги аэропортда Ўзбекистон раҳбарини Озарбайжон бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Боку, Хонкенди, Шуша ва Ағдам шаҳарларида бўлади.
2 июль куни икки мамлакат етакчилари Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказади, «Ўзбекистон» боғига тамал тоши қўяди ва Ўзбекистоннинг Бокудаги элчихонаси янги биносини очиб беради.
3 июль куни эса президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев мулоқотни Озарбайжоннинг Қорабоғ туманида давом эттириб, Хонкендидаги қўшма тикувчилик фабрикаси ва Ағдам шаҳридаги «Иморат» тарихий-меъморий мажмуаси билан танишадилар.
Ташрифга тайёргарлик доирасида саноат кооперацияси бўйича салмоқли келишувлар тўплами шакллантирилган.
«Ташрифнинг тадбирларга бой дастури 2024 йилда иттифоқчилик мақомини олган Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг мисли кўрилмаган юксак даражага чиққанини кўрсатади ҳамда икки давлат раҳбарларининг аввалги учрашувларида эришилган келишувларнинг мантиқий давомидир», — дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.